Китоб бўлмаса, китобдан ёғилиб турган зиё бўлмаса, инсон тараққиётининг ҳозирги ёруғ чўққисига етмас эди, деган эди буюк адибимиз Ғофур Ғулом.
Дарҳақиқат, китоб - инсонни камолот сари етакловчи муҳим маънавий хазина. У инсон тафаккурини юксалтиради, руҳиятини тозалайди, тарбиялайди, адолатга томон чорлайди.
Юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш, аҳоли, хусусан, ёшларни китоб мутолаасига янада қизиқтиришга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Анъана тусини олган “Ёш китобхон оила” танлови улардан бири.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган мазкур танлов ёшлар ўртасида маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, китобхон оилалар сафини кенгайтириш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 27-умумтаълим мактабида танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда туманда сараланган 14 нафар ёш оила ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
Қизғин ва муросасиз баҳсларда ёш оилаларнинг нечоғли билимли ва кенг тафаккурли эканлиги намоён бўлди.
[gallery-18271]
Якуний натижаларга кўра, ғолиб деб топилган Калинбетивлар оиласи танловнинг шаҳар босқичига йўлланма олди. Ёрбековлар оиласи иккинчи ҳамда Жабборовлар оиласи учинчи ўринга сазовор бўлди.
Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА