Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёш китобхон – 2021” танловининг Навоий вилояти босқичи якунланди
10:50 / 2021-03-01

Навоийда “Ёш китобхон – 2021” танловининг вилоят босқичи ўз ниҳоясига етди. Унда китобхон ёшлар 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифасида ўзаро беллашди.

Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланиб, инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади.

Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, шунингдек 2019 йил 19 март куни ўтказилган “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича 5 муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишда ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган муҳаббатини ошириш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратди.

Якуний натижаларга кўра, “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифасида 1-ўринни Зарафшон шаҳридан Лазиза Қиёмова, 2-ўринни Хатирчи туманидан Ҳулкарой Комилова, 3-ўринни Кармана туманидан Эъзоза Нарзуллаева қўлга киритган бўлса, 15-19 ёш тоифасида карманалик Иброҳим Исмоилов 3-ўринни, навбаҳорлик Севара Бобоёрова 2-ўринни ва 1-ўринни хатирчилик Ҳулкар Раҳматуллаева эгаллади.

Танловнинг 20-30 ёш тоифасидаги беллашувлар ҳам қизғин баҳсларга бой тарзда ўтди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 1-ўринни Кармана туманидан Алишер Обидов, Хатирчи туманидан Мафтуна Турсунова 2-ўринни ва Навоий шаҳридан Фарҳод Низомов 3-ўринни қўлга киритди.

Барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсталик совғалари билан мукофотланди. Энди 1-ўрин соҳиблари танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Абдували Бўриев, ЎзА