Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш ҳамда тизимни янада такомиллаштириш” мавзуидаги анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман республикамизда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммо ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш, фавқулодда вазиятлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, соҳага янги инновацион технологияларни қўллаш амалиётини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда илғор хорижий тажриба ҳамда технологиялар асосида соҳани жадал инновацион ривожлантириш, ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳитини шакллантириш, ёшларни фан-техника тараққиёти йўлида бирлаштириш ҳамда ёш олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, ФВВ академияси томонидан ҳам мамлакатимизда фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш масаласи устида ишлаш, бу борада бўлажак кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда бир қатор илмий изланишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
— Илм-фан ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир, – деди ФВВ академияси ўқитувчиси Мансур Бойхўрозов. – Янги Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Академияда ўтказилаётган мана шундай анжуманлар замирида ҳам, ёшларни соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига қаратилган долзарб масалаларга янада қизиқтириш ва уларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш ётади.
Гулноза Бобоева, ЎзА