Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш ижодкорларнинг мулоқот майдони
16:51 / 2022-08-10

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Ёш ижодкорларнинг анъанавий семинари»га оид матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда уюшма раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Эргашев, Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова, Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алишер Боймуродов, Ахборот хизмати раҳбари Фозил Жабборов бу йилги Республика ёш ижодкорлари семинарининг ўтказилиши борасида ахборот берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Республика ёш ижодкорларининг «Зомин қалдирғочлари» семинари бир неча йиллардан буён истеъдодли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб келмоқда. Уюшма ахборот хизматига кўра, бу йилги семинар тадбирлари 17-19 август кунлари Тошкент вилоятидаги «Дўрмон» ижод уйида ўтказилади.

[gallery-8246]

16 август куни семинар иштирокчилари Қибрай туманидаги «Дўрмон» ижод уйида кутиб олинади ва шу ерга жойлаштирилади. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш ижодкорлар шу ернинг ўзида бир-бирлари билан танишиб олишади.

17 август куни эрта тонгдан йиғилганлар дастлаб Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишади. Ёзувчилар уюшмасида семинарнинг очилиш маросими ўтказилади. 18 август куни анжуманнинг шўба машғулотларига тайёргарлик кўрилади. Семинар иштирокчилари бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид йўналишлари бўйича шўбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари олиб боради.

Тушдан сўнг ҳам маҳорат дарслари давом этади. Шу куни «Китобхонлик кечаси ва мушоира», Зомин семинарининг илк қалдирғочлари иштирокида «Семинарнинг салмоғи» мавзусида давра суҳбати ўтказилади.

19 август куни эрта тонгдан иштирокчилар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Паркент ижод уйи»га боришади. У ерда семинар иштирокчиларининг «Биринчи китобим» рукнида чоп этилган илк китоблари тақдимоти ўтказилади.

Оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил қилинади.

Бу йилги семинарда республика бўйича 85 нафар ёш ижодкор қатнашиши кўзда тутилган. Булардан, 7 нафари Қорақалпоғистон республикасидан, 5 нафари эса мамлакатимизда яшаб, рус тилида ижод қилаётган ёш ижодкорлардир. Адабиётнинг турли жанрларидаги ижоди билан кўзга ташланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш Ёзувчилар уюшмасининг бош мақсадларидан биридир.

Мазкур семинар йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда. «Дўрмон» ижод уйида бўлиб ўтадиган семинарда ҳам ёш ижодкорларга забардаст адибларимиз маҳорат сабоқларини олиб боради. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, атоқли ижодкорлар Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маматқул Ҳазратқулов, Ўткир Раҳмат, Исажон Султон, Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Рисолат Ҳайдарова, Эшқобил Шукур каби қаламкашлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» ва «Звезда востока», «Ёшлик» журнали ҳамда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси жамоаси билан ижодий учрашувлар ташкил этилади.

Бу йилги семинарда рус тилида ижод қилаётган 5 нафар ёшлар учун алоҳида маҳорат дарси ҳамда ўзаро таржима ишларини йўлга қўйиш юзасидан суҳбатлар ташкил этилади. Маҳорат дарсларида ёшлар уюшма аъзолари Николай Илин ва Артём Гороховдан ижод сирларини ўрганишади.

3 кун давомида ёш ижодкорлардан 20 нафари саралаб олинади ва шу йилнинг охиригача ижодий ишлари нашрга тайёрланади. Ижодий ишлар 2023 йилнинг бошида нашриётга топширилади ва «Биринчи китобим» лойиҳасида чоп этилади.

Ўтказилажак семинарда ҳам кучли истеъдодлар кашф қилинади. Улар устоз адибларимиз эътиборига тушиши билан бирга, адабиёт дунёсига янги овоз сифатида кириб келади.

Н.Усмонова, ЎзА