Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳада ҳозиргача 200 га яқин ёшнинг илк китоби чоп этилган. Ёшлар аввало Ёзувчилар уюшмаси томонидан 1997 йилдан бери ўтказиб келинаётган Зомин семинарида иштирок этади. Бунда улар таниқли устозларнинг маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлади. Устозлар хулосасига кўра, энг истеъдодли ёшларнинг ижодий ишлари китоб ҳолида чоп этилади.
[gallery-26366]
2025 йилда ўтказилган семинарда ёшлар яна ўз ижодий лаёқатларига кўра шеърият, наср, драматургия, адабий танқид, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти йўналишларида сабоқлардан баҳраманд бўлди.
2025 йилда ёш ижодкорларнинг илк китоби чоп этилди. Хусусан, Баҳодир Жовлиевнинг (шеърий тўплам) – “Юрак зарби”, Латофат Амированинг (шеърий тўплам) – “Туркона”, Абдулла Муҳаммаднинг (шеърий тўплам) – “Жилға қўшиғи”, Қувандиқ Бийсенбаевнинг (наср) – “Китоблар қўзғолони”, Лайло Собир қизининг (наср) – “Тонг қизи”, Гулчирой Иброҳимованинг (болалар адабиёти) – “Беш билан урушган бола”, Нозима Турдиеванинг (болалар адабиёти) –“Хўрозқанд”, Достонбек Аҳмадовнинг (таржима) – “Туҳфа”, Самандар Конишевнинг (драматургия) – “Балиқлар ҳам йиғлайди”, Искандар Низомовнинг (драматургия) – “Қасос”, Дилчеҳра Тошпўлатованинг (адабий танқид) –“Пуанкаре ёхуд илмийликдан бадиийлик сари”, Илҳом Абдусаломовнинг (публицистика) – "Бонг" китоби шулар жумласидан.
Китоблар ҳар бири 1000 нусхадан чоп этилган. Бундан ташқари, Зомин семинарида фаол иштирок этиб, ижодий ишлари эътироф этилган ёшларнинг ижод намуналари “Зомин баёзи” номли тўпламга жамлаб, чоп этилди.
Тақдимотда иштирок этган уюшма раҳбари Сирожиддин Саййид, раиснинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Фарида Афрўз, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов бугунги кунда юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар ёшлар камолотига қаратилганини таъкидлади.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари