French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш ижодкорларни янги ғояларга ундаган форум
13:59 / 2022-10-19

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Марказий Осиё ёш ижодкорлар форуми ўтказилди.

Мамлакатимизда ёш адиб ва шоирларни қўллаб-қувватлаш, уларга рағбат бериш мақсадида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Уюшма томонидан истеъдодли ёшларнинг ижодий ишлари “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида кўп минг нусхада нашр этилмоқда. 
 
Форумда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид илк марта ўтказилаётган Марказий Осиё ёш ижодкорлар форуми қаламкаш йигит-қизлар учун янги асарлар яратишга туртки беришини таъкидлади. 
 
– Бу жуда ноёб учрашув, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – Мен кекса ижодкор сифатида бундай анжуманда иштирок этган эмасман. Бугун дунё ҳам салбий, ҳам ижобий маънода қутбларга ажралиб қолмоқда. Бу мураккаб глобал жараёнда ижодкор ўзига “мен қандай ёзишим керак, жаҳон адабиётига ўзимни қайси ғоя, фикр орқали таништиришим керак?” деган саволни бермоғи керак. Агар сиз – ёшлар бу саволга тўғри жавоб топа олсангиз, асарларингизни китобхонлар қўлидан қўймай ўқийди. Ўйлайманки, мазкур форум ёш ижодкорларга ана шу ғоялар сари туртки бера олди. 
 
Дарҳақиқат, бугун ўзбек адабиёти, она тилимиз равнақи наинки мамлакатимиз, балки Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Қирғизистон, умуман, дунёда ўзбек тилида ижод қилаётган қаламкашлар фаолияти билан яхлитдир. Табиийки, бунда Ўзбекистондаги адабий жараёнлар миллий сўз санъатимиз, она тилимиз ривожининг асосий мағзини ташкил этади. 
 
– Албатта, бу анжуман келажакда дунёнинг ёш ижодкорлари бир-бирини танийдиган анжуманга айланмоғи керак, – деди таниқли шоир ва таржимон Фахриёр. – Адабиёт, дунё адабиёти билан қон алмашиб, тажриба алмашиб туриши керак. 
 
Форумни юқори савияда ўтказишда Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ўзбек тили байрами арафасида ташкил этилган ушбу форум давомида мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари ёш ижодкорларининг ижоди устоз адабиётшунослар, олимлар, шоирлар томонидан атрофлича таҳлил этилди. Қизиқарли мушоиралар ўтказилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига устоз адиб ва шоирлардан жавоб олди. 
 
– Ушбу форум ижодкор тенгдошларимиз ишлари билан батафсил танишишга имкон берди, – деди афғонистонлик шоира ва журналист Раъно Шерзод. – Ўзбек тили Навоий тили, Соҳибқирон Амир Темур тили, Гавҳаршодбегим тилидир. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини 2019 йилда тамомлаганман. Бу анжуман бизнинг ижодимиз учун жуда фойдали бўлди. 
 
– Ёшларнинг бу каби адабий анжуманида биринчи марта иштирок этаяпман, – деди тожикистонлик шоир Жасурбек Турсунхўжаев. – Ўзбекистонлик устозларимизнинг, адабиёт дарғаларининг йўл-йўриқлари биз учун жуда фойдали бўлди. 
 
Форумда маҳорат дарслари, мушоиралар, “Олов сўзлар” ва “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти ва муҳокамаси бўлиб ўтди. 
 
Форумнинг барча иштирокчиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг сертификати, махсус статуэтка, китоблар жамланмаси, қимматбаҳо совғалар топширилди. Барча йўналишларда энг фаол қатнашган ижодкорларнинг ишлари ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, форум иштирокчилари ижодининг баёзида чоп этишга тавсия этилди. 



Назокат Усмонова, ЎзА