Паркент ижод уйида Республика ёш ижодкорларининг анъанавий семинари иштирокчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Адабий кечада Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда адабиёт ривожига, ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу ислоҳотларнинг барчаси юртимиз равнақи, ёшлар келажагига қаратилганини айтиб ўтди.
– Бу галги семинар ажойиб ўтди, деб айта оламан, – дейди семинар иштирокчиси Муқаддас Мамарасулова. – Чунки бизнинг ҳакамлар ҳайъати таркибида тажрибали адиб, таржимон, устоз Иброҳим Ғофуров бор эди. Ёшлари 84 га кирганига қарамасдан, биз ёш ижодкорларга тенгсиз ўгит ва тавсияларини шахсан етказдилар. Фикрларининг тиниқлиги мени яна бир бор ҳайрон қолдирди ва устоз учун хурсанд бўлдим. Улар билан ўзбек адабиёти қанчалик бадиий таржимонларга муҳтож эканлигини, қайси асарлар навбат кутаётганини, умуман шу соҳанинг камчилик ва ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик. Бизларни тингладилар, ўзимиз ва таржималаримиз билан танишдилар. Бадиий таржимонлар уюшмасини очиш таклифимни қўллаб-қувватладилар. Бу, албатта ўзимга бўлган ишончни янада орттирди. Насиб бўлса, келажакда бу соҳанинг ривожи учун ўз ҳиссамни қўшишга доим тайёрман.

Тадбир давомида иштирокчиларга пул мукофотлари, статуэтка, ноутбук, китоблар жамланмаси ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.
Семинарнинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан уч кун давомида ёшларга маҳорат сабоқларини берган бир гуруҳ ижодкорларга, семинар ишини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда фаоллик кўрсатган журналистларга ҳамда уюшманинг вилоят бўлимлари раҳбарларига эсдалик совғалари топширилди.

Тақдирлаш маросими санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб кетди. Айни дамда семинар ўз ишини якунлади.
Д.Маматова, ЎзА