Ўзбекистон Бадиий академиясида "Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили"га бағишланган “Навқирон Ўзбекистон” анъанавий Республика кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тасвирий санъатнинг барча йўналишларида фаолият юритаётган ёшларнинг салоҳиятини намоён этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг ижодини кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган кўргазмада 50 нафар иштирокчининг 200 га яқин асарлари намойиш этилди.
Улар 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган истеъдодли ёшлар бўлиб, фаол ижод олиб бормоқда, кўргазмаларда қатнашмоқда. Айрим ёш ижодкорлар учун эса бу нуфузли кўргазма дебют ҳисобланади.
[gallery-26430]
Кўргазмада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келиб тушган ижодий ишлар Ишчи гуруҳ томонидан сараланди ва намойиш этиш учун тавсия қилинди. Мазкур асарлар ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди ва ғолиблар аниқланди. Шунингдек, иштирокчилар учун рағбатлантирувчи номинациялар ҳам белгиланган.
10 декабрь куни танловнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Ғолиблар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Кўргазма иштирокчиларига сертификатлар ҳам топширилади.
Гулноза Бобоева,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА