Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Ранглар жилосида - она диёр” расмлар танловининг Республика босқичи иштирокчилари асарлари кўргазмасининг очилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган ушбу кўргазма-танловда тасвирий санъат йўналишида, жумладан, рангтасвир, графика ҳамда ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилаётган ёш ижодкорлар иштирок этди.

Танлов 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 3 та ёш тоифалари бўйича 2 босқичда ташкил этилди.
Биринчи босқич вилоятлараро бўлиб, июнь-июль ойларида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят бўлимлари томонидан ташкил этилган эди.

Танловнинг Республика босқичида тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилаётган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ҳудудий босқич ғолиблари бўлган 126 нафардан ортиқ ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
Шунга кўра, расмлар танлови республика босқичи ғолиб ёшлари рағбатлантирилди.

Жумладан, 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар ўртасида, 1- ўрин Тошкент шаҳридан Муслима Қобиловага, 2-ўрин Қашқадарё вилоятидан Ҳасан Тошкановга, 3-ўрин Қашқадарё вилоятидан Солиҳабону Йўлдошевага насиб қилди.
14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар ўртасида 1-ўрин Хоразм вилоятидан Юлдуз Саъдуллаевага, 2-ўрин Тошкент вилоятидан Ҳасан Рихсибоевга, 3-ўрин Тошкент шаҳридан Солиҳа Баҳтиёровага берилди.

18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар орасида эса 1-ўринни Тошкент вилоятидан Авазжон Абдумажидов, 2-ўринни Тошкент шаҳридан Муниса Исроилова ва 3-ўринни Тошкент вилоятидан Иса Калишбеков эгаллади.

Танловнинг рағбатлантирувчи соврин ва дипломларига Тошкент шаҳридан Глеб Зуев, Мадинабону Умурзоқова ҳамда Хоразм вилоятидан Шаҳзода Мадраимова эришди.
Мазкур кўргазма жорий йилнинг 3 сентябригача давом этади.

Гулноза Бобоева,ЎзА