Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш ижодкорлар форуми
10:50 / 2021-05-22

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида “Композиция” номли I Ёш ижодкорлар форуми бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган форумда ижодкор ёшлар – ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ҳамда рангтасвирчи рассом Гулноз Жалолованинг кўргазмаси ташкил этилди.

Жасвант Анназаров “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми” фахрий унвони соҳиби, кўп йиллардан буён республика ва халқаро ҳалкалтарошлик танлови ва кўргазмаларида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2009 йилда Жасвантнинг асарлари МДҲ давлатлари инсонпарварлик ҳамкорлиги халқаро жамғармаси ҳомийлигида Россия Бадиий академияси томонидан ташкил этилган ёш ҳайкалтарошлар симпозиумида намойиш этилди. 2015 йили "Эътироф" мукофотининг "Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши” номинацияси соҳиби, 2017 йил "Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Қаҳрамонимиз 2017 йил Тошкентда Маҳтумқули Фироғий ва Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалини, Адиблар хиёбони учун Эркин Воҳидов ҳайкалини яратган. 2019 йил Франция пойтахти Париж яқинидаги Рюэй-Мальмезон шаҳрида тиббиёт илми асосчиси Абу Али ибн Синонинг яна бир улуғвор ҳайкали Ж.Анназаров муаллифлигида қад ростлади. Ҳайкалтарош 2020 йил Адиблар хиёбонида ўрнатилган Муқимий ҳайкали муаллифи ҳамдир.

Ж.Анназаров мис, тош, пластилин, бронза, ёғоч каби материаллар билан ишлайди. Ҳайкаллар учун этник, мифологик ва тарихий мавзуни танлайди, лекин асосан классик анъаналар ва янги технологиялардан фойдаланиб, портрет ва композициялар ишлайди. Унинг "Нил қирғоғи", "Гўрўғли", "Марварид эгаси", "Хоразмлик портрети" каби асарлари диққатга сазовор.

Унинг сўнгги ижодий иши 2020 йилда Ғалаба боғида қад ростлаган бир нечта гуруҳли композициялардир. Биринчи композиция Баҳром Норбоев билан ҳаммуаллифликда яратилган бўлиб, унда Зулфия Зокирова ҳамда унинг келинлари ўзбек аёлининг сабру саботи, садоқати, иродаси, матонати ва жасоратининг ёрқин тимсоли сифатида яратилган.

– Уруш четлаб ўтган хонадоннинг ўзи топилмайди юртимизда, – деди Жасвант Анназаров. – Бу устун-стеллаларни яратишда уларни ўзбек хонадонларидаги токчаларга қиёслашга ҳаракат қилдик. Устунлар ён тарафдан фронтдан келган учбурчак тахламли хатларни ҳам ифодалайди. Ҳар бир устун тепасида тишланган нон урушдан қайтмаган ўғилларга ишора. Шу ернинг ўзида хатлардан парчалар ҳам келтирилган. Уларда жангчи ўғилларнинг Ватани, онаси, яқинлари, оиласини соғингани, барвақт кўз юмган отасини эслагани, фарзандларига айтган гаплари битилган.

Иккинчи композиция "Мангу жасорат", деб номланиб, унда Собир Раҳимов ва 14 уруш қаҳрамонининг ансамбль ҳайкаллари яратилган.

Ж.Анназаров мамлакатимизнинг етакчи ҳайкалтарошларидан бири.

Ёш рассом Гулноз Жалолова кичиклигидан тасвирий санъатга иштиёқи баландлиги боис мактаб давриданоқ Бухоро тасвирий ва амалий санъат мактаб-интернатида таҳсил олди. Бу ерда устозларидан расм чизиш сирларини ўргана бошлади. Ёшлигиданоқ жуда кўплаб кўрик–танловлар иштирокчиси ва ғолибига айланди. Жумладан, “Санъат ғунчалари (Янги авлод)”, “Юрт келажаги” каби танловларда ғолибликни қўлга киритди.

Гулноздаги иқтидор ва иштиёқ уни Республика дизайн коллежига олиб келди. У 3 йил мобайнида коллежда ҳам рассомлик сирларини чуқур ўзлаштира бошлади. Коллеж ёш рассом учун ҳақиқий ижод даври бўлди, десак янглишмаймиз. Устози Ш.Тўрахоновнинг кўрсатмалари билан тасвирий санъат соҳасида катта ютуқларга эришди.

Г.Жалолова К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Тасвирий санъат” факультетини тамомлади. Устозлари С.Рахметов ва Д.Азизовдан таҳсил олди. Ҳозирда эса ёш рассом институтнинг “Кино ва телефильмнинг ечими” мутахассислиги бўйича магистратуранинг 2-босқичида таҳсил олмоқда. Серғайрат, изланувчан ёшлардан бири бўлган бу ёш рассом жуда кўп республика ва халқаро танлов ҳамда кўргазмаларда иштирок этган. Ҳар йили Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ўтказиладиган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да фаол қатнашиб, диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. 2018 йилда эса ушбу Фестивалнинг “Олтин медали” ни қўлга киритди.

2020 йилнинг декабрь ойида Испаниянинг халқаро “Dali’s Mustache” онлайн танловининг икки босқичли супер финалида ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, фахрли 1-ўрин – “Олтин диплом” соҳибаси бўлди. Москва шаҳрида ўтказилган халқаро “New year planet - 2020” фестивалида қатнашди ва 1-ўрин лауреати бўлди.

2020 йил Гулноз Жалолова тасвирий санъатда эришган ютуқлари ва иқтидори инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмасининг “Ёшлар” шўъбасига аъзоликка қабул қилинди.

Ёш рассом санъатнинг кўпроқ рангтасвир йўналишида ижод қилади. Унинг асарларида юртимизнинг гўзаллиги, табиат уйғониши ва фасллар ўзгариши кўпроқ жойни эгаллайди. Унинг “Хумсон сойлари”, “Ноябрь сўнгги”, “Куз”, “Баҳор гуллари”, “Қор” каби асарлари бунга мисол бўла олади.

Тадбир доирасида Борис Бабаевнинг “Авангард. Бўшлиқ. Вақт” номли ҳужжатли фильми намойиш этилди.

[gallery-2500]

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА