Гулистон шаҳридаги вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида “Ёш ихтирочи” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи юқори савияда ўтказилди.
“Баркамол авлод” республика болалар мактаби ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур танлов ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва қобилиятларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга уларда техник ижодкорлик ва замонавий технологияларга қизиқишни ривожлантиришга хизмат қилади.

Танловда 13–18 ёшли ўқувчилар “Техника конструкторлик ва моделлаштириш” йўналиши бўйича ўз ишланмаларини тақдим этди. Робототехника ва автомодель тоифаларида тақдим этилган лойиҳалар ҳакамлар ҳайъатида катта қизиқиш уйғотди.

Натижаларга кўра, Ховос туман “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиси Далер Анорбоев (робототехника йўналиши) ҳамда Боёвут туманидан Самандар Сангинов (автомодель йўналиши) биринчи ўринни қўлга киритди. Энди улар республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

Ғолиблар диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Бу эса уларнинг келгусида ҳам янгидан-янги ғоя ва ишланмалар устида изланишлар олиб бориши учун қўшимча куч ва рағбат бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА