Наманганда Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали ташаббуси билан Президент ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларни ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Наманган туманидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда Наманган вилоят ҳокимлиги, Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган филиали, "Эл-юрт умиди" жамғармаси мутасадди раҳбарлари қатнашдилар.


Ихтисослаштирилган ва умумтаълим мактаблари ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, ёш давлат хизматчилари ва олий таълим муассасаларининг талабалари, магистрлар, докторантлар таклиф этилган мулоқот давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари томонидан жамғарма фаолияти, мавжуд дастурлар, танловлар, номзодларга қўйиладиган талаблар, ҳужжат топшириш тартиби, хориждан қайтган мутахассислар учун яратилган шароитлар ҳамда малака ошириш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, стипендиатларни хорижда ўқишни тугатгандан сўнг муносиб ишга жойлаштириш, касбий ва лавозим поғоналарида кўтариш, миллий кадрлар захирасига киритиш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.


– Халқаро таълим дастурларини оммалаштириш ва Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли таълим марафонида фонднинг хорижда ўқиш, малака ошириш ва илмий фаолият олиб бориш учун тақдим этаётган стипендия дастурлари ва уларда ёшларнинг иштироки бўйича тадбир қатнашчилари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган филиали директори Шуҳрат Тўхтабоев. – Мазкур хайрли ташаббуснинг асосий мақсади эртамиз эгаларига дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олишнинг ҳақиқий имкониятлари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ етказиш бўлиб, шундай учрашувлар Наманган давлат университети ҳамда Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида ҳам уюштирилиб, уларда 3 минг 700дан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Мулоқотларда ёшлар томонидан ўртага ташланган виза олиш билан боғлиқ муаммолар, чет элдаги хавфсизлик, жамғарма томонидан ажратиладиган стипендия миқдори, ҳужжатларда хатолик мавжуд бўлган тақдирда нималарга эътибор қаратиш, оила аъзолари билан бирга бориш имкониятлари, шартнома муддатидан ташқари қолиб ишлаш имкониятлари сингари муҳим масалаларга оид саволларга аниқлик киритилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА