Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш, иқтидорли кадрлар ҳаммага керак
17:35 / 2023-02-08

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти “Сирдарё ИЭС” филиалининг ёқилғи транспорт цехи ходими Адҳамжон Нарзуллаевнинг илмий ғояси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ўтказилган халқаро илмий-амалий кўрик-танловида “Илм-фан фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Танловда “Энергоблокларда циркуляцион совитувчи сув тизимига рекорбанизация усули орқали электр энергияси ишлаб чиқаришда иқтисодий самарадорликка эришиш” илмий лойиҳаси билан қатнашган Адҳамжон Нарзуллаев Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университетини тамомлагач “Сирдарё ИЭС” корхонасининг 2-қозон турбина цехига ишга кирган. 2019-2021 йилларда Россия Федерацияси Миллий тадқиқотлар ядро университетини тамомлаб, ҳозирда ушбу корхонанинг ёқилғи транспорт цехида ишламоқда. Ёш  мутахассис энергетика тизимида тадқиқот ва изланишлар олиб боришни давом этмоқда.

Қувонарлиси шундаки, у 2023 йилнинг январ ойида Илғор тадқиқотлар илмий маркази томонидан ташкил этилган нуфузли тадбирда ҳам муносиб иштирок этди. Илмий марказнинг қарорига кўра “Илм-фан ифтихори” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди.

Умуман олганда энергетика тизимида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Бунга яққол мисол тариқасида ўтган 2021-2022 йилларда тизимда меҳнат қилаётган ёшлар ўртасида ўтказилган ёшлар форумларини айтиш мумкин. Ушбу форумлар, спорт ва маданий-маърифий тадбирлар орқали, ёшларнинг касбий билим маҳоратини ошириш ҳамда ўзаро дўстона муҳитни яратган ҳолда уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

“Сирдарё ИЭС” корхонасида “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Ҳозирда корхонада 2050 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 402 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Шуҳрат Суяров, ЎзА