Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш ҳуқуқшунослар ўртасидаги беллашув ғолиблари аниқланди
14:41 / 2025-11-05

Ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қонунларга ҳурмат ва масъулият ҳисси руҳида тарбиялаш — бугунги таълим тизимидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма қарорига асосан “Ҳуқуқшунослик” фан олимпиадасининг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси ва мактабгача ҳамда мактаб таълими бошқармаси масъул ходимлари, ўқитувчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.

Олимпиаданинг очилиш маросимида вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноз Умурзоқова сўзга чиқиб, тадбирнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, олимпиаданинг асосий мақсади — адлия органлари томонидан оталиққа олинган умумий ўрта таълим муассасалари билан самарали ҳамкорликни кучайтириш, ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва ватанпарварлик туйғусини ошириш, уларни қонун устуворлигини қадрлаш руҳида тарбиялашдир. Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ҳуқуқ соҳасига оид инновацион ғоя ва таклифларни илгари суриш кўникмасини шакллантириш ҳам тадбирнинг муҳим вазифалари сирасига киради.

Бу галги босқичда Адлия вазирлиги томонидан оталиққа олинган Сирдарё вилоятидаги 11 та умумий ўрта таълим муассасасининг 8–11-синфларда таҳсил олаётган энг иқтидорли ўқувчилари иштирок этишди. Улар туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанидан юқори кўрсаткичларга эга ёшлардан саралаб олинганди.

Олимпиада уч босқичда ўтказилди. Биринчи шартда иштирокчилар 20 дақиқа ичида 20 та тест саволига жавоб беришди. Иккинчи босқичда улар ёшига мос ҳуқуқий муаммоли ҳолат асосида ёзма ечим тайёрладилар.Учинчи босқичда эса 5 та назарий саволга жавоб ёзиш орқали уларнинг ҳуқуқий билим ва тафаккур даражалари баҳоланди.

Беллашув натижаларига кўра, Сардоба туманидаги 15-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Муҳаммад Турғунов, Ширин шаҳридаги 3-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Осиё Ҳайдарова, Гулистон шаҳридаги 18-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Маржона Кенжаева ва Янгиер шаҳридаги 4-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ширин Абдухолиқова ғолибликни қўлга киритдилар.

Ғолиблар Сирдарё вилоятининг адлия бошқармаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири