Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви баталионида ёш ҳарбийларни ватанпарварлик, масъулият, садоқат ва маънавий баркамоллик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаролик онги ҳамда ижтимоий фаолликни кучайтириш мақсадида маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Гулистон шаҳар ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда сафарбарлик чақирув резерви хизматчилари ўртасида қонунийликни таъминлаш, ахлоқий меъёрларга риоя қилиш ва жамият манфаатини устун қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, бу иллатларга олиб келувчи омиллар — ишсизлик, ижтимоий четланиш, нотўғри муҳит ва онлайн таҳдидлар ҳақида фикр алмашилди.
Суҳбат давомида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактик учрашувлар ўтказиш, спорт ва маънавий тадбирларда фаол иштирок этиш, психологик ёрдам хизматларидан самарали фойдаланиш тавсия этилди.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш, жамоада ўзаро ҳурмат ва шахсий интизомни сақлаш, ҳалоллик ва масъулият тамойилларига амал қилиш, ижтимоий тармоқларда масъулиятли хулқни намоён этиш зарурлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган суҳбатда хизматчилар ўзларини қизиқтирган масалалар — ҳуқуқ ҳимояси, хизматдаги интизом, шахсий масъулият ва жамоавий муҳитга оид саволлар билан мурожаат қилдилар. Мутахассислар уларга аниқ ва амалий тавсиялар беришди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳарбий хизматчиларда ҳуқуқий маданият, ватанга садоқат, ахлоқий тарбия ва жамоавий бирдамлик ҳиссини кучайтиради. Шунингдек, бу каби давра суҳбатлари ёшларнинг масъулиятли фуқаро сифатида шаклланишига ҳамда жамиятдаги ижобий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири