Вазирлар Маҳкамасининг "Ёш гвардиячилар" болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар, Олмазор тумани 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби филиали Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимига ўтказилади ва уларнинг негизида "Ёш гвардиячилар" болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилади.
Ушбу спорт мактабларида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни соғлом турмуш тарзига тарғиб этиш ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилади.
Шунингдек, мазкур спорт мактаблари нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси учун кадрлар резервини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлашга кўмаклашади.
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича терма жамоаларга юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлайди.
Ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва техник-тактик кўникмаларини такомиллаштириш, профессионал фазилатларини ривожлантириш, шунингдек, халқаро талабларга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоалари захирасини тайёрлаш даражасини оширади.
Ўқувчи-спортчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун хорижий спорт мактаблари ва клублари билан тажриба алмашиш бўйича кенг ҳамкорлик ишларини йўлга қўяди.
ЎзА