English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёш гвардиячилар” синфларида 10 мингдан ортиқ ўқувчи ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбия олмоқда
14:07 / 2024-09-20

Мактаб ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича Миллий гвардия томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълумот берди:

– Президентимизнинг 2024 йил 5 февралда кучга кирган “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўқувчи ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда қўшма қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳозирги кунда республикамиз бўйлаб 115 мактабда 121 та “Ёш гвардиячилар” синфлари ташкил этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб мазкур синфларда 3 минг 253 нафар ўқувчи таълим олиб келмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Республикамиз бўйлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 4 тадан жами 56 та мактабда 263 та “Ҳарбий-ватанпарварлик” синфлари ташкил этилди. Уларда 7 мингга яқин ўқувчи ёшлар таълим олмоқда.

Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлар “Ёш гвардиячилар” синфларида ўқиб, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбия олмоқда. Бу каби “Ҳарбий ватанпарварлик” синфлари фаолияти бошқа ҳамкор вазирликларда ҳам йўлга қўйилган.

Мактабларнинг спорт зали ва майдончаларида 27 минг 575 спорт секцияси фаолияти йўлга қўйилган. Уларга 650 минг 661 нафар ўқувчи жалб этилган. Бу эса, ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига имкон яратмоқда.

Спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб қилган ҳолда мактаблар ва маҳаллалар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказиб келинаётир.

Ҳар йили анъанавий тарзда Миллий гвардия томонидан апрель-май ойларида умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9 синф ўқувчилари ўртасидаги “Ёш гвардиячилар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг вилоят ва республика босқичлари ўтказиб келинмоқда.

Бу мусобақалар ўн минглаб ўқувчиларни бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бунинг самарасини йилдан-йилга Миллий гвардиянинг “Темурбеклар мактаби”га ўқишга кириш истагини билдираётган ўқувчиларнинг сони ошиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Бу йил Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига 1,5 мингга яқин номзод ўқишга топшириб, қабул квотасида белгиланган 150 жой учун битта ўринга 11 тадан номзод тўғри келди. Танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар ўқишга қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги ўқув йилидан бошлаб ушбу лицейга илк бор 25 нафар қиз ўқишга қабул қилинди.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар нафақат ўқувчи ёшлар ўртасида, балки уларнинг таълим-тарбиясига масъул бўлган ходимларнинг малакасини ошириб боришга ҳам Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА