Хоразм вилоятида Миллий гвардия ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўқувчи- ёшлари ўртасида ташкил этилиб келинаётган “Ёш гвардиячилар” ҳарбий спорт мусобақасининг жорий йилги вилоят босқичи якунига етди.
Мусобақада ўқувчи- ёшлар ўзларининг ҳарбий соҳа бўйича эгаллаган бошланғич билимларини синовдан ўтказишди. Бу эса ўз навбатида ёшларни ҳам жисмонан, ҳам ақлан етук мутахассислар қилиб тарбиялашга хизмат қилади.
Ёш гвардиячилар ҳарбий спорт мусобақасининг шаҳар ва туман босқичида биринчиликни қўлга киритган 13 та жамоа республика баҳслари йўлланмаси учун вилоят босқичида муросасиз ва қизғин кураш олиб боришди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўринни Урганч шаҳридаги 24-сон умумтаълим мактаби жамоаси, 2-ўринни Гурлан туманининг 42-сон умумтаълим мактаби жамоаси ва фахрли 1-ўринни Янгиариқ туманидаги 37-сон умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди.
– Ёшлигимдан ҳарбийликка қизиқаман, – дейди янгиариқлик мусобақа ғолибаси Ҳуснижаҳон Қаландарова. – Айниқса, ҳарбий либосдаги аёлларни кўрсам, ҳавасим келади. Биз ҳам мусобақа баҳонасида ҳарбий форма кийдик. Бу кийим масъулиятимизни янада чуқурроқ ҳис этишимга сабаб бўлди. Юртга бўлган садоқатим, ушбу соҳага меҳр-муҳаббатим яна бир карра ортди. Мактабимиздаги ҳарбий - ватанпарварлик синфида биз мунтазам равишда ҳарбий билим ва кўникмаларимизни ошириб келмоқдамиз. Доимий равишда маҳорат дарсларида қатнашамиз.
[gallery-23287]
Мусобақа низомига мувофиқ ушбу жамоалар “Ёш гвардиячилар” ҳарбий спорт мусобақасининг республика босқичига йўлланма олишди. Мусобақа якунида ғолибларга ҳамда фаол иштирок этган ўқувчиларга кубок, медал ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари