Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш футболчиларимиз Хорватия майдонларида
18:13 / 2022-08-04

Хорватия футболи ҳақида ортиқча таърифга ҳожат бўлмаса керак.

Дунё футболига Давор Шукер, Лука Модрич каби суперюлдузларни тарбиялаб берган юртда бугунги кунда ҳам янгидан-янги номлар кашф этилмоқда.

Маълумки, Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби жорий йил бошидан бери Хорватия футболи билан яқиндан ҳамкорлик қилишни бошлади. Мақсад ҳар икки томон учун манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш.

Яқинда “Бунёдкор”нинг учта ёш жамоаси Сплит шаҳрида ташкил этилган халқаро “Далматинко” кубогида муваффақиятли иштирок этиб қайтишганди.

Мазкур ҳамкорликнинг давоми сифатида “Бунёдкор” U-21 ёшлар жамоаси 18-30 июль кунлари Загреб шаҳрида ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Иван Бошкович мураббийлигидаги жамоа йиғин давомида 4 та назорат-синов учрашувида майдонга тушди.

Рақибларнинг учтаси Хорватия чемпионатининг қуйи лигаси иштирокчилари – “Медимурье”, “Полет” ва “Сегеста” клублари, тўртинчиси –мамлакат ички чемпионатининг амалдаги ғолиби Загребнинг “Динамо” жамоаси ўринбосарлари бўлди.

– Рақиб жамоалар Европа футбол “об-ҳавоси”да камолга етган футболчилардан иборат бўлса-да шогирдларим яхши ўйин намойиш этишди. Айниқса, Загребнинг “Динамо” жамоаси билан ўйин ҳар томонлама қизиқарли ўтди. Биз учун ўртоқлик ўйинларда натижа эмас, тажриба муҳим эди. Асосийси, кучли жамоалар билан учрашувлар туфайли йигитларимизда ўзларига бўлган ишонч ортди, – дейди "ёш қалдирғочлар" жамоаси мураббийи Иван Бошкович.

– Аввало, “Бунёдкор” жамоасини ажойиб ўйин билан табриклайман. Икки жамоа футболчилари яхши футбол намойиш этишди. Рақиб жамоа биринчи таймда биздан яхшироқ кўринди. Чунки улар биринчи бўлиб гол киритишди ва жуда юқори прессингни амалга оширдилар. Рақибимиз ҳужумкор ва позицион футбол намойиш қилди ва бу менга ёқди. “Бунёдкор” Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларидан бири ва у тўғри йўлдан боряпти. Жамоада яхши футболчилар кўп. Менга кўпроқ жамоа сардори Хуршид Убайдуллаев ёқди. У ҳимоячи бўлса ҳам, ҳужумда яхши ўйнар экан, – дейди “Динамо” устози Дамир Крзнар. 

– Европа жамоалари билан ўйнаш тажрибамизни оширади. Хорватияда ўтказган йиғинимиз сермаҳсул бўлди. Кучли жамоалар билан куч синашдик. Ўйлайманки, бу ерда орттирилган тажриба ички чемпионат ўйинларида ўз сўзини айтади, – дейди “Бунёдкор” ўринбосарлари жамоаси ҳимоячиси Тоҳир Тўхтасинов.

Хорватия сафари ҳақида хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, ёшларимиз мазкур учрашувлар орқали катта тажриба тўплади. Бу эса яқин келажакда ўз сўзини айтишига ишонамиз.

Т. РЎЗИЕВ, ЎзА