Янгиер шаҳар спорт мактабида йил якунларига бағишланган қувончли тадбир бўлиб ўтди. Муассасанинг футбол бўйича тажрибали мураббийи Сардор Ҳасанбоев йил давомида машғулотларда фаоллиги, интизоми, одоби ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган 7 нафар иқтидорли ёш футболчини махсус совғалар билан тақдирлади.

Мураббий ёш спортчиларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги ва спорт маҳоратини оширишга, балки уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу эътибор самараси ўлароқ, шогирдлар турли машғулотлар ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, ижобий натижаларга эришишмоқда.
Янги йил арафасида топширилган совғалар футболчилар учун зарур бўлган спорт анжомларидан иборат бўлиб, уларнинг келгусидаги машғулотларида асқотади.

Тадбир давомида сўзга чиққан Сардор Ҳасанбоев шогирдларининг ютуқлари мураббий учун энг катта мукофот эканини таъкидлади. Унинг айтишича, интизомли ва мақсад сари қатъият билан ҳаракат қиладиган ёшлар келажакда юртимиз спорти равнақига муносиб ҳисса қўшади.
Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида совға олган ёш футболчилар мураббийга миннатдорчилик билдириб, келгусида янада кўпроқ меҳнат қилиш ва юқори натижаларга эришишга ваъда беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири