Маълумки, 2025 йили пойтахтимиз Тошкентда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистонда илк бор ташкил этиладиган ушбу ўйинларни юқори савияда ўтказиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Спорт турларида терма жамоаларни шакллантириш, унда қатнашадиган иқтидорли спортчиларни саралаш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, мазкур ўйинларга тизимли тайёргарлик кўриш ҳамда ёш футболчиларни селекция қилиш борасида Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар тарқатди.
Унда айтилишича, жорий йил декабрь ойи режасига мувофиқ, Ўзбекистон У-12 терма жамоаси бош мураббий Анвар Ғофуров Наманганда «Олимжон Аҳмедов кубоги»да истеъдодли ёш футболчиларни селекция тизимидан ўтказади.
Шунингдек, 12-20 декабрь кунлари Ўзбекистон У-12 терма жамоаси аъзолари навбатдаги йиғинда иштирок этиб, бир нечта футболчиларнинг иқтидори ушбу кўрикда синаб кўрилади.
Т. Рўзиев, ЎзА