Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш электротехниклар тажриба оширди
22:39 / 2020-12-17

Тошкент технопаркида “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг ташаббуси билан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчилари учун саноат туризми ташкил этилди.

Мазкур экскурсия иқтисодиётимиз драйвери ҳисобланган электротехника саноати учун бошланғич мутахассис-кадрлар тайёрлаб берувчи радиотехника соҳасига ихтисослашган мактаб ўқувчиларининг касб танлаш борасидаги қизиқиши ва кўникмасини ошириш мақсадида амалга оширилди.

Шу йилнинг 20 ноябрь куни Президентимиз мазкур технопаркка ташрифи чоғида саноатда юқори технологияларни амалда ишлата оладиган замонавий миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш ва ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. 

Электротехника саноатининг йирик кластери ҳисобланган мазкур ҳудудда бир йил ичида 6 та лойиҳа амалга оширилди. Ўқувчилар лифт ва эскалаторлар, қолиплар, сув насослари, конденционер ва совутиш тизимлари, ақлли газ ҳисоблагичлари, совутгичлар ишлаб чиқариш лойиҳалари билан таништирилди. Шунингдек, бу ерда ташкил қилинган рақамли ахборот бошқаруви, сервис хизматлари, ўқув марказлари иштирокчиларда катта таасурот қолдирди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан доимий равишда ёш кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Уюшма томонидан «Online мaktab» лойиҳаси асосида “Ёш электротехник” тўгараги фаолияти йўлга қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида бундай лойиҳалар ўқувчиларнинг турли соҳаларга қизиқиши ва касб танлаш борасидаги кўникмаларининг ортишига сабаб бўлди. Айнан электротехника соҳасига қизиқувчи ёшларни ўқитиш билан шуғулланувчи 1-сон касб-ҳунар мактаби ҳам рақамли ахборотларни қайта ишлаш, тиббий техникани монтаж қилиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, маиший техника жиҳозлари ва телерадиоаппаратураларни таъмирлаш, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва электромонтёр йўналишларида бошланғич кадрларни тайёрлайди.

Ёшлар ушбу экскурсия орқали танлаган касблари нақадар жамият ва иқтисодиётимиз учун фойдали эканлигини тушуниб етди. Бу эса электроника оламида инновацион фикрловчи ёшлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.  

Гулноза Бобоева, ЎзА