English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш экологлар Бухорода жам бўлди
14:45 / 2022-07-19

Бухорода Давлат экология қўмитасининг ёш мутахассислари иштирокида Республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Ўқув-семинари ва экологик экспедиция дастури 3 кунга мўлжалланган бўлиб, дастурнинг биринчи кунида ёшлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилган ишлар бўйича тақдимотлар ва Бухоро ихтисослаштирилган Жайрон питомнигига саёҳат қилди.

Бухоро шаҳридаги “Ёшлар марказида” бир қатор ҳамкор ташкилотлар, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, Бухоро Давлат университети Экология факультети профессор-ўқитувчилари иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Унда қўриқхонада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш корхоналарининг оқова сувларни тозалаш бўйича долзарб бўлган муаммо ва ечимлар бўйича тақдимот қилинди.

Иштирокчилар Бухоро вилоятига олиб келинган замонавий лаборатория асбоб-ускуналарини амалиётда қўллаш юзасидан маълумотга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Давлат экология қўмитаси ва вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таҳлилий лабораторияларини замонавий ускуналар билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лабораториясига ҳам 10 турдаги юқори аниқликда ишловчи ускуналар олиб келинган.

– Экология билан боғлиқ муаммолар жиддий хавф солаётган бугунги кунда инсоният унинг ҳар қандай синовларига тайёр туриши ҳаётий заруратга айланмоқда, – дейди Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўлмас Собиров. – Об-ҳаво ўзгариши, сувнинг ифлосланиш даражаси, шамол йўналиши ва тезлиги ҳақида ўз вақтида хабардор бўлиш бизни кутилмаган офатлардан ҳимоя қилиш баробарида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш имконини ҳам беради. 

Экология бошқармалари ҳузуридаги илмий лабораториялар ҳудудларда экотизим билан боғлиқ таҳлилларни ўтказади. Лабораторияга олиб келинган янги ускуналар эса ўта юқори аниқликка эга бўлиб саноқли дақиқаларда кўрсаткичларни олиш имконини беради. 20 миллиард сўмга 10 турдаги 159 дона турли хил замонавий ускуналар харид қилинди. Бу ускуналар олдингиларидан тубдан фарқ қилади. 

Республикада биринчилардан бўлиб Бухоро вилоятига олиб келинган ускуналар автоматик тарзда таҳлил натижаларини чиқариб беради.

Тадбир доирасида иштирокчилар Бухородаги “Етти пир”ни зиёрат қилди.

Зариф Комилов, ЎзА