Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш дзюдочиларимиз жаҳон чемпионатида медаллар сони жиҳатдан етакчи
12:03 / 2022-08-29

Босния ва Герцеговинанинг Сараево шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунига етди.

Эътиборлиси, мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси 61 та давлатнинг 500 нафарга яқин дзюдочилари иштирок этган чемпионат яккалик баҳсларида 1 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоада 4-ўринни эгаллади. 

Яккалик беллашувларида қизлар ўртасида 70 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Барчиной Қодирова чемпионатнинг олтин медалини қўлга киритди. Барчиной ушбу натижа билан Диёра Келдиёровадан сўнг ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган иккинчи ўзбекистонлик дзюдочи қизга айланди. 

Сараево татамиларидаги муросасиз курашларнинг биз учун яна бир эътиборли “дуэли” 90 килограмм вазнда иштирок этган Аббос Шермаҳматов баҳсида кузатилди. Агар у ҳал қилувчи учрашувда венгриялик Петер Кендересидан олтин медални тортиб ола билганда Ўзбекистон умумжамоа кўринишида 2-ўринга кўтарилган бўлар эди. 


Чемпионатнинг жамоавий баҳсларида Ўзбекистон жамоаси ишончли ҳаракат қилди. Саралашларни муваффақиятли ўтказган ҳамюртларимиз бронза медали учун кечган курашда Тунис вакилларини 4:0 ҳисобида доғда қолдирди ва терма жамоамиз учун тўққизинчи медални ҳадя этди. 

Айтиш лозим, умумий медаллар сарҳисобига кўра, вакилларимиз жаҳон чемпионатини 4-ўрин билан якунлаб, янги тарих яратди. Шу билан бирга медаллар сони жиҳатдан барча жамоалардан энг кўп совринли ўринларга эга чиққанлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди. 

Бундай дейишимизга сабаб, умумжамоада олтин медаллар ҳисоби бўйича етакчиликка эришган Франция, Грузия, Япония жамоалари энг кўпи билан 6-7 та медаллар жамланмасига эга чиққан фурсатда истеъдодли дзюдочиларимиз 9 та медаллар шодасини қўлга киритди. 

Бу, мамлакатимиз дзюдочиларининг янги авлоди бўй кўрсатаётганлигидан, улар яқин келажакда жаҳон спорт майдонларида ўз сўзларини янада баланд нуқталардан айтишидан далолат.

Тўлқин Рўзиев,  
ЎзА