Беҳзодбек Сирожиддинов 2020 йилнинг январь ойида Андижон давлат университети Ботаника ихтисослиги бўйича докторантурага қабул қилинган.
У ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ҳузуридаги биология фанлари бўйича фан доктори илмий даражаларини берувчи илмий кенгашининг йиғилишида «Ғўза навларининг генотипларини бойитишда турли геномли турлардан фойдаланиш» мавзусидаги Умумий генетика ихтисослиги бўйича биология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилди.
Эндигина 35 ёшни қаршилаган ёш олим 2017 йилда биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини, 2020 йилда доцент илмий унвонига сазовор бўлди. Илмий тадқиқот ишлари доирасида унинг 2 та монографияси, 1 та ўқув ҳамда 3 та услубий қўлланмаси, 80 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари чоп этилди. Шунингдек, у пахтанинг “Ғалаба” номли янги навини яратганлиги учун патент гувоҳномаси олган.
Ёш олим «Ғўза навларининг генотипларини бойитишда турли геномли турлардан фойдаланиш» мавзусидаги илмий ишида пахтанинг бошқа навлари маданийлаштирилган пахта навлари билан селекция қилинган. У олиб борган илмий-тадқиқот ишлари ғўза генофондида мавжуд бўлган ёввойи турлар асосида янги, генетик жиҳатдан бойитилган интерагрессив дурагай шаклларини олишга эришган. Бу биринчидан, ғўзанинг зараркунандаларга қарши табиий “иммунитет” га эга бўлишини таъминлади, иккинчидан, пахта ёғи таркибидаги зарарли ҳисобланган “госсипол” моддаси миқдорини камайтиришга эришган.
Аҳамиятлиси, ёш олим ўқиш муддати тамом бўлишидан 2 йил олдин докторлик диссертация (DSc)ни ҳимоя қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Илмий даражали кадрларни тайёрлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 112 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан рағбатлантирилди.
– Мамлакатимизда ёш олим докторантурадаги ўқиши давомида олиб бораётган илмий ишини муддатдан олдин ҳимоя қилган тақдирда қолган муддатлардаги стипендияни тўлаб бериш амалиёти жорий этилган, – дейди Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев. – Бу ёшларга, хусусан, илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқиш салоҳиятига эга илмий кадрлар тайёрлаш кўлами ва сифатини оширишга хизмат қилади.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА