Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш дастурчилар форуми
18:46 / 2020-11-26

Жиззахда ёш дастурчилар форуми бўлиб ўтди. Информацион технологияларни ривожлантириш, соҳада ёшларнинг билим кўникма ва малакасини ошириш, фрилансерликни оммалаштириш, янги стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган форумда 16-25 ёшли ёшлар қатнашди.

Зомин оромгоҳида уч кун давом этган форумда 70 нафар соҳага қизиқадиган, дастурлаш сирларини ўрганаётган умумумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда ёш фрилансерлар қатнашди. Иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташкил этилган @ёш_дастурчи20 телеграм каналида онлайн-платформа орқали электрон рўйхатдан ўтказилди.

Форум тадбирлари икки босқичда ўтказилди.

Биринчи босқичда республикамизнинг IT соҳасидаги етакчи мутахассислари йўналишлар бўйича ташкил этилган иштирокчилар кичик гуруҳларда мастер-класслар, амалий машғулотлар ўтказди.

Иккинчи босқичда иштирокчилар IT соҳаси йўналишлари бўйича ташкил этилган танловларда қатнашди. Танловда иштирокчиларнинг СМ, мобил-иловалар, график-дизайн, дастурлаш, веб-сайтлар яратиш, роботатехника йўналишлари бўйича амалга оширган ишлари тақдимотлари ўтказилди.

Танловда иштирокчининг ҳар бир лойиҳа тақдимоти учун 10-15 дақиқагача вақт ажратилди.

[gallery-175]

Танловлар давомида ҳакамлар ҳайъати томонидан лойиҳаларнинг аниқлиги, креативлиги, долзарблиги, ҳаётга татбиқ этиш усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчининг соҳага оид билимларига, лойиҳани аниқлик билан очиб бериш қобилияти алоҳида ҳисобга олинди.

Олти йўналиш бўйича ўтказилган танлов якунида “Энг зўр ғоя муаллифи”, “Энг зўр дастурчи”, “Энг зўр веб-сайт яратувчиси”, “Энг зўр лойиҳа муаллифи”, “Энг зўр интернет реклама муаллифи” “Энг зўр график-дизайн яратувчиси”, “Энг зўр мобил-илова яратувчиси”, “Энг ёш дастурчи” “Энг фаол иштирокчи” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

– Президентимиз томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган 2020 йида мамдакатимизда IT соҳасини ривожлантиришда катта ишлар амалга оширилгани биз ёшларга янги имконият эшикларини очаётир, – дейди “Энг зўр дастурчи” номинацияси ғолиби Аҳмаджон Зоиров. – Яқинда Жиззах шаҳрида IT Park филиали очилгани шу катта имкониятларнинг яна биридир. Ушбу ўтказилган форум ҳам фақат ғолибларни аниқлаш эмас, ёшларнинг билимларини оширишга қаратилган жуда муҳим тадбирлардан бўлди. Форум қизиқарли ва юқори савияда ташкил этилгани учун ташкилотчилардан миннатдормиз.

Танлов ғолиблари диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, фаол иштирокчиларнинг 11 нафарига “Рақамли технологиялар” маркази ҳудудий директори томонидан “Рақамли технологиялар” марказларида бепул таълим олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди.

Форум ташкилотчилари ва ҳамкорларнинг келишувига кўра ушбу форум ҳар йили икки марта ўтказилиши белгиланди.

Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА