Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш чемпионлар маскани
18:43 / 2025-12-18

Мамлакатимизда кейинги йилларда спортни ривожлантириш, айниқса, иқтидорли ёш спортчиларни тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда, янги спорт иншоотлари барпо этилмоқда, спорт муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ёш спортчиларимиз нафақат республика, балки халқаро спорт мусобақаларида юқори натижалар эришмоқда. Буни Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айни кунда марказда таҳсил олаётган 450 нафардан зиёд ўқувчи бокс, оғир атлетика, юнон-рум, эркин кураш, дзюдо, таэквондо, енгил атлетика, стол тенниси, баскетбол сингари 24 та спорт ва 8 та пара спорт йўналишида  мунтазам шуғулланади. Уларга 101 нафар малакали тренерлар сабоқ бермоқда. Бундан ташқари, марказда 20 нафардан ортиқ йўриқчи-услубчи, психолог ҳамда тиббиёт ходимлари фаолият юритади. 

– Мактабимизда юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича ўқувчиларнинг шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди мактаб директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Шерали Носиров. – Қолаверса, спорт турлари бўлимларимиз замонавий, барча қулайликлар яратилган ўз базаларига эга. Шунингдек, тренерларимизнинг аксарияти олий тоифали ҳамда халқаро лицензияларни қўлга киритган малакали мутахассислардир.

[gallery-26799]

Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган, қолаверса, тажрибали мураббийлардан спорт сирлари, ўзига хос техникасини пухта ўрганаётган ёшлар орасидан юқори натижаларга эришаётганлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида Марказ ўқувчилари барча спорт турлари бўйича республика чемпионати ва кубоги мусобақаларида 186 та олтин, 197 кумуш, 219 та бронза, Осиё чемпионатларида 4 та олтин, 1 та кумуш, 10 бронза ҳамда жаҳон чемпионати мусобақаларида 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Бундан ташқари, қатор халқаро турнирларда ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. 

– Жорий йилнинг август ойида Беларусь давлатида бўлиб ўтган II МДҲ ўйинларининг бокс йўналишида ўз вазн тоифамда фахрли 1- ўринни қўлга киритдим, – дейди марказ ўқувчиси Хуршидбек Жўраев. – Ушбу натижа билан тўхтаб қолмайман, албатта. Мақсадим, келгусида олимпиада ва жаҳон чемпионати ўйинларида ғолиблар қаторидан ўрин олиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаришдир. 

Шу йил октябрь ойида Баҳрайн давлатида бўлиб ўтган III Осиё ёшлар ўйинларида ҳам мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари бўлган марказ ўқувчилари муваффақиятли иштирок этди. Ушбу мусобақада  енгил атлетика бўйича Назмина Раҳимжонова биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медалга сазовор бўлди. Мусобақанинг оғир атлетика турида эса Моҳинур Эсонбоева учинчи ўринни эгаллаб бронза медали билан тақдирланди. 

Айниқса, марказ ўқувчиларининг бокс, қиличбозлик, енгил ва оғир атлетика, стол тенниси турлари бўйича эришаётган ютуқлари салмоқлидир. 

Айни кунда юқори натижаларга эришаётган марказ ўқувчиларининг 216 нафари ўз спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоалари аъзолари саналади.

– Қиличбозлик бўйича ёшлар миллий терма жамоамиз аъзоси ҳисобланаман, – дейди Камронбек Исмоилов. – Яқинда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасида 3- ўринни қўлга киритиб, терма жамоамиз ютуғига муносиб ҳисса қўшдим. Келгусида бундан-да юқори натижаларга эришишни мақсад қилганман. 

Бир сўз билан айтганда, марказ тарбияланувчилари орасида чемпионлар сафи тобора ортиб бормоқда. Бу энг аввало, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, иқтидорли спортчиларнинг қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг самарасидир. Ишонамизки, ушбу марказ ўқувчилари келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиб, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаради. 

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари