Миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. ДХХ Чегара қўшинлари томонидан ҳам ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, комил инсон этиб вояга етказиш, шунингдек, ҳарбий хизматга қизиқтириш мақсадида турли тадбир ва мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ёш чегарачилар” мусобақаси фикримиз исботи бўла олади.
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти дала майдонида мазкур мусобақанинг жорий йилги финал босқичига старт берилди. Уч кун давом этадиган мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган жами 13 та жамоа ғолиблик учун баҳсларни бошлади.
ДХХ Чегара қўшинлари Намунали-ҳарбий оркестри садолари остида старт олган мусобақанинг дастлабки кунида иштирокчи жамоалар “Сафда шаҳдам қадам ташлаб ўтиш ва қўшиқ айтиш”, “Махсус кийимлар кўриги”, “Альбом ва вимпеллар кўриги”, “Билимлар синови”, “АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш”, “100 ва 1000 метрга югуриш” каби шартлар бўйича ўзаро куч синашди. Мусобақалар давомида ДХХ Чегара қўшинлари фахрийлари билан “Авлодлар учрашуви” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
[gallery-7181]
ЎзА