Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказилаётган “Ёш чегарачилар” мусобақасининг финал босқичи қизғин давом этмоқда.
Дастлаб жамоалар азимут бўйича ҳаракатланиш шартида баҳслашди. Вазифа – компас ёрдамида берилган азимут ва масофа бўйича назорат нуқтасига чиқиш, маълумотлар солинган тубусни топиб, ундаги кейинги нуқтага ҳаракатланиш учун кўрсатилган маълумотларни маршрут варақасига ёзиб олишдан иборат эди. Жамоалар бу шартни аъло даражада бажарди.
Шундан сўнг граната улоқтириш шартига старт берилди. Мерганликни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган бу шарт талабига кўра, қатнашчилар энига 10 метр ва ичкарига 5 метр ўлчамдаги белгиланган объектга ўрнатилган тик ҳолдаги фигурага қарата бир маротабадан ўқув гранатасини улоқтирди.
Кейин эса иштирокчилар газ ниқобларни белгиланган тартибда кийиб, “заҳарланган” ҳудуддан ўтиш шартини бажарди.
Бундан ташқари қатнашчилар тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ўқ-дориларни ташиш, автомат ва пистолетдан ўқ отиш, калашников автоматининг макети кўриги каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари эртага маълум бўлади.
ЎзА