Бугун академик М.Мирзаев номидаги илмий-тадқиқот институти дала майдонида "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган мусобақанинг якуний тадбирида ДХХ Чегара қўшинлари раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақа Ўзбекистон Республикаси чегараолди ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни Ватанга садоқат, ҳарбий бурчга ҳурмат ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларни чегара хизматига қизиқтириш ҳамда босқичма-босқич тайёрлаб бориш мақсадида ташкил этилгани таъкидланди.
[gallery-23413]
Маросим аввалида ДХХ Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан Ватанга муҳаббат, садоқат ва меҳр-оқибат туйғуларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги элементлари асосидаги кўргазмали чиқишлар барчага бирдек манзур бўлди.
Шундан сўнг мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом, кубок, медаль, эсдалик ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Мусобақа натижаларига кўра:
1-ўрин — Андижон вилояти Марҳамат тумани 2-умумтаълим мактабининг "Темурбеклар" жамоасига;
2-ўрин — Жиззах вилояти Мирзачўл тумани 8-умумтаълим мактабининг "Ватанпарвар" жамоасига;
3-ўрин — Сирдарё вилояти Ширин шаҳри 4-умумтаълим мактабининг "Бургутлар" жамоасига насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган 13 та жамоа, жами 130 нафар ўқувчи иштирок этди. Улардан 26 нафари қизлар. Иштирокчилар билимлар синови, АКМ автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, 100 ва 1000 метрга югуриш, турникда тортилиш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби ўндан ортиқ шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Умиджон Қурбонов,
Аслиддин Али (сурат),
ЎзА