Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичи тантанали руҳда бошланди
19:00 / 2024-05-15

Бугун эрта тонгдан "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси Республика босқичининг тантанали очилиш маросими академик  М. Мирзаев номли илмий тадқиқот институти дала майдонида бўлиб ўтди. 

Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари масъул офицерлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. 

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизнинг чегараолди ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи ёшларни Ватанга муҳаббат ва ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда чегара хизматига қизиқтирган ҳолда босқичма-босқич тайёрлаб боришда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб ўтдилар. 

Иштирокчи жамоаларга омад тилангач, мусобақа шартларига старт берилди. Дастлабки шарт жамоаларнинг сафда шаҳдам қадамлар билан юриш ва қўшиқ айтиб ўтиш кўникмасининг қай даражада шаклланганини синовдан ўтказди. Таъкидлаш керакки, ушбу шарт давомида ёшларнинг шижоати, тайёргарлик даражаси, айниқса саф қўшиқларини танлашга ўзгача ёндашиб, ватанпарварлик руҳиятини акс эттирувчи матнлар танлангани ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилди. 

Навбатдаги шарт жамоаларнинг мусобақа учун тайёрлаб келган махсус ҳарбий либослари, альбомлар, вимпел ва Калашников автомати макетлари кўрикдан ўтказилди. Ўғил-қизлар ушбу шартда ҳам ўзаро жипсликларини, либосларни танлашда рамзий маъноларга алоҳида эътибор қаратганликлари ҳамда ўз жамоаларини таништириш жараёнида юқори нотиқлик маҳоратларини намоён этдилар. Мусобақалар қизғин ва дўстона руҳда давом этмоқда.