Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Маҳаллалари Уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Спорт, Маданият ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг 2024 йилги мавсуми, якуний Республика босқичи иштирокчилари бугун эрта тонгдан пойтахтимизда кутиб олинди.
Республикамизнинг олис чегараолди ҳудудларидан етиб келган ўқувчи ёшлар дастлаб, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишдилар. Илк манзил буюк саркарда, ҳарб ишининг моҳир билимдони, Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари тарихидан сўзловчи "Темурийлар тарихи" Давлат музейи бўлди.
Мозийдан сўзловчи экспонатлар, тарихий қўлёзма ва буюмлар ёшларни ўша давр руҳиятига яқинлаштирган бўлса, Темурийлар шажараси ва "Темур тузуклари" тарихий-мемуар асарининг яратилиши тарихи ҳақидаги маълумотлар уларни буюк саркарда ҳаёти ва фаолиятининг янги жиҳатлари билан таништиришга хизмат қилди. Ёш чегарачиларнинг пойтахтимиз бўйлаб саёҳати давом этмоқда.
Бугун эрта тонгдан пойтахтимизга етиб келган "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси иштирокчилари тушликдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасида бўлдилар.
[gallery-17406]
Таъкидлаш керакки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ва фронт ортида чексиз жасорат намуналарини кўрсатган буюк халқимизнинг матонатидан ҳикоя қилувчи ушбу йирик мажмуа эртамиз эгаларида катта таассурот қолдирди. Ҳудудда жойлашган "Шон-шараф" Давлат музейи экспонатлари ҳам ёшларга ватандошларимизнинг кўрсатган қаҳрамонликлари миннатдор авлодлар қалбида мангу хотира сифатида абадий муҳрланиб қолишини намоён этди.
Шунингдек, "Мусаффо осмон" шиори остида ўтказилган давра суҳбати давомида мажмуа раҳбарияти томонидан иштирокчи қизларга йигитлар билан бир жамоада мусобақа шартларини бажаришда кўрсатаётган шижоатлари учун “Ташаккурнома”лар ҳам топширилди.
Маълумот ўрнида: мусобақада бутун республикамиз бўйлаб якуний босқичга етиб келган 13 та жамоа таркибида ҳар бирида 2 нафардан жами 26 нафар ўқувчи қизлар иштирок этмоқда. Ёрқин таассуротларга бой тарзда ўтган дастлабки кун ўғил-қизларга катта шижоат ва кўтаринки руҳ бағишлади.
Эслатиб ўтамиз, эртага - 15 май куни Академик М. Мирзаев номли илмий-тадқиқот институти дала майдонида "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади ва мусобақа шартларига старт берилади. Барча иштирокчи жамоаларга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
ЎзА