English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёш божхоначилар форуми” ўтказилди
13:54 / 2023-12-21

Божхона қўмитаси томонидан “Ёш божхоначилар форуми” бўлиб ўтди.

Форумнинг очилишида Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда фидойи, ватанпарвар ёшларнинг куч-ғайрати ва азми шижоатига суянилишини таъкидлади.  

Сўнгги йилларда юртимиздаги ислоҳотлар доирасида божхона органларида ҳам ёшларимизнинг профессионал ходим бўлиб шаклланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг 27 фоизини ёшлар, 9 фоизини курсантлар ташкил этади. Улардан 4 нафари Ватанимиз равнақига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. 258 нафар ёшларга уй-жой сотиб олиш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда ижара тўловлари учун 6 млрд. сўм маблағ ажратилди, 200 нафар ёшларга эса ўзлари ва яқин қариндошларининг соғлиғини тиклаш ҳамда тўй маросимларини ўтказиш учун 1,6 млрд. сўм ажратилди.  

Ҳозирда Божхона институтининг 10 нафар курсантлари Хитойнинг Шанхай божхона коллежида бир ой давомида ўз билимларини ошириб, хорижий тажрибани ўрганмоқда.  

Божхона органларида хизмат қилаётган ёшларнинг билим олишлари, ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун яратилган шарт-шароитлар натижасида 8 нафар ёш божхоначилар ҳозирги кунда Буюк Британия, Япония, Малайзия, Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда.  

Форумда хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг видеомурожаати намойиш қилинди. Шуни ҳам айтиш жоиз, 19 нафар ёш ходимлар Божхона қўмитаси томонидан берилган тавсияномаларга мувофиқ олий ўқув юртларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинди. Тизимда 160 нафар ёшларга хорижий тилларни ўзлаштиргани учун ҳар ойда ойлик устамалар тўлаб келинмоқда. 4 нафар ёш божхоначилар эса фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган бўлса, 15 нафари хизматдан ажралмаган ҳолда, мустақил изланувчи сифатида, шунингдек 1 нафар аёл ходима Божхона институти докторантурасида илмий иш олиб бормоқда.  

Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли, сўнгги икки йилда ёш божхоначиларга халқаро стандартлар асосида таълим бериш тизимини яратиш мақсадида, Божхона институтида «3+1» таълим дастури яъни, уч йил назария ва бир йил амалиёт тизими жорий этилди. Институтнинг “Божхона иши” бакалавриат таълим йўналиши Жаҳон божхона ташкилотининг PICARD профессионал стандартларга мувофиқлиги бўйича халқаро сертификатга эга бўлди. Курсантларга Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Латвия, Россия Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан масофавий таълим бериш тизими йўлга қўйилди.  

Бу йилги 151 нафар битирувчиларнинг 16 нафари институтни имтиёзли диплом билан тамомлади, 84 нафари эса (60 фоизи) IELTS каби халқаро сертификатга эга бўлиб, шундан 15 нафари чет тилида профессионал тарзда мулоқот қиладиган ходим бўлиб етишди.  

Жорий йилнинг ўзида 33 нафар курсантлар республика миқёсидаги турли хил спорт мусобақаларида нуфузли 1-ўринни қўлга киритди. Курсантларнинг қизиқиши ва иқтидоридан келиб чиқиб, жами 16 та илм-фан, спорт ва касб-ҳунарга йўналтирилган тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Божхона органлари томонидан нафақат ёш божхоначилар, балки юрт келажаги бўлган ёшлар билан ҳам ишлашнинг самарали тизими йўлга қўйилди.  

Тадбирда 100 га яқин ёш ходимлар “Божхона хизмати аълочиси”, “Ёш божхоначи” кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА