Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш боксчиларимиз Минск рингларида жанг ўтказмоқда
16:04 / 2022-06-16

Шу кунларда Беларуснинг Минск шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Владимир Ботвинник хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилмоқда.

Унда Россия, Латвия, Литва, Беларусь, Словения каби етакчи давлат вакиллари қатори Бекзод Хидиров мураббийлигидаги мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоасининг 10 нафар ёш боксчилари қатнашмоқда.

Беларусь бокс федерацияси ижрочи директори Денис Сабалевский журналистларга берган интервьюсида жаҳон боксининг етакчи мамлакатларидан бири Ўзбекистон вакиллари «Минск-Арена» рингларида жанг ўтказаётганлиги турнир нуфузи, мусобақа шиддатини таъминлаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Хидировнинг Беларусдан хабар қилишича, турнирда қатнашаётган чарм қўлқоп усталари орасида асосий терма жамоадан ўрин олишга даъвогар ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг халқаро мусобақаларда тизимли қатнашиши эса техник-тактик маҳорати ошишига, мусобақа кўникмаси сайқалланишига хизмат қилади.

Минскдаги баҳсларда ҳамюртларимиздан Т. Супонов(46), И. Ғиёсов(48), И. Эргашев(50), Н. Аллаберганов(52), С. Олимов(52), А. Аҳмадов(57), А.Тоҳиров(63), Э. Икромов(66), А. Абдураҳимов(70), Х. Мамасолиев(+80) ўз вазнларидаги саралаш жангларида иштирок этмоқда.

Халқаро турнирнинг ғолиб ва совриндорлари номи эртага – 17 июнь куни эълон қилинади.

Т. Рўзиев. ЎзА