Бокс ва оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари жорий йилнинг 22-31 октябрь кунлари Баҳрайнда ўсмирлар ўртасида ўтадиган III Осиё ўйинларига тайёрларликни Улан-Баторда Мўғулистон терма жамоалари билан ҳамкорликда ўтказади.
Бу ҳақда бугун Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудовнинг Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар ишлари вазирлиги мутасаддилари билан учрашувида эълон қилинди.

Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудовнинг Мўғулистонга уюштирган сафари давомида ушбу мамлакат Маданият, спорт, туризм ва ёшлар ишлари вазирлиги раҳбарияти билан икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт соҳасида ҳамкорликни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилди.
Шунингдек, Мўғулистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Э.Билегт билан мулоқот чоғида бокс ва оғир атлетика бўйича Олимпия ва жаҳон чемпионларини тайёрлаш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, иқтидорли спортчиларни тайёрлашнинг янгича тизимларини жорий этиш, “Баҳрайн-2025” Осиё ўсмирлар ўйинларига тайёргарлик жараёнлари таҳлил этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА