Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қизларимиз 3 та олтин, 6 та кумуш ҳамда 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг 52 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Зилолахон Юсупова олтин медаль учун ўтган баҳсда Ҳиндистон вакили Моҳини устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Вазни 81 килограммгача бўлган Олтиной Сотимбоева ҳиндистонлик Поония Кҳушини, -70 кгда эса Ойша Тоирова ҳиндистонлик Ядав Пранжални таслим қилди ва Осиё чемпионига айланди.

Шунингдек, чемпионатнинг финал учрашувига қадар ўтган баҳсларда ғалаба қозонган Гулсевар Ғаниева, Узукжамол Юнусова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Одинахон Исмоилова, Санобар Бозорбоева ҳамда Диёрахон Абдуманнопова ўз вазн тоифаларида кумуш медаль билан тақдирланди.

Робияхон Бахтиёрова, Ситора Баҳодирова ва Айсенем Саруарова юртимизга бронза медаль билан қайтадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА