Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Биз ёш билимдонлармиз" шиори остида "Заковат" беллашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан Андижон вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ташкил этилган баҳсда бошқарма тизимидаги бўлинмалар ҳамда туман бўлимларининг ёш ходимларидан тузилган 10 та жамоа иштирок этиб, ўзларининг билим ва иқтидорларини синовдан ўтказди.
– Бошқарма раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган танловдан кўзланган асосий мақсад ёш ходимларимизнинг иқтидорларини синовдан ўтказиш, уларни рағбатлантириш, қолаверса, уларга байрамона кайфият улашишдир, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари – бош агроном Маҳмуджон Исроилов.– Ушбу тадбир жамоамизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, ходимларимизнинг касбий билимларини оширишга, ишчанлик муҳитининг барқарор бўлишига хизмат қилади.
[gallery-24949]
Иштирокчи жамоалар "Савол-жавоб" шарти асосида ўзларининг касбий йўналишлар ҳамда ижтимоий-маънавий мавзуларга оид билимларини намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги илмий-тадқиқот институти Андижон вилоят филиалининг «Тадқиқотчилар» жамоаси биринчи, бошқарманинг чегара масканлари инспекторларининг «Лочинлар» жамоаси иккинчи ва Марҳамат туман бўлимининг «Ҳимоячилар» жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари