Глобаллашув шароитида дунё мамлакатлари турли соҳаларда барқарор тараққиёт йўлида мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Албатта, бунда ҳар бир давлат ўз табиий ва иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб инсон омили, жумладан, ёш авлодни тарбиялаши, шарт-шароит яратиши, уларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиши муҳим саналади.
Давлат ва жамият бошқарувида, бизнесни тараққий эттиришда, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшларнинг алоҳида ўрни бор. Улар жамият учун “янги қон” вазифасини ўтайди. Ташаббус ва ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилиш, дунёнинг ижтимоий манзараси ва жамият тузилмалари трансформациялашуви масалаларини ўрганиш ва таҳлил этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан ўтказилган “Замонавий дунёнинг социо-маданий манзараси ва ижтимоий тизимлар трансформацияси” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз борди. Конференция “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, ўнга яқин хорижий давлатлардан ҳамкорлар, жумладан, Қозоғистон Республикаси Н.Гумилев номидаги Евроосиё миллий университети, М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети, Ж.Баласагын номли Қирғизистон миллий университети, Ҳиндистон социологлар ҳамжамияти, Санкт-Петербург давлат технология институти, Г.Р.Державин номли Тамбов давлат университети, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, илмий ходимлар, докторантлар, изланувчилар, магистрлар ва талабалар иштирок этди.

Конференция жараёнида замонавий ижтимоий воқеликнинг ўзига хослиги ва замонавий жамият динамикасини аниқлаш, минтақа аҳолиси қадриятлари динамикаси, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий майдони: анъаналар ва инновациялар, замонавий дунё ижтимоий манзарасининг трансформациялашуви каби йўналишлар бўйича илмий мақолалар таҳлил қилинди.
Шунингдек, таълим, миграция, кундалик ҳаёт, ёшлар, оила ва гендер, бандлик, бошқарув, урбанизация каби йўналиш ва соҳаларда инновацион технологияларга оид маърузалар тингланди.
– Ҳозирги замонда глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бермоқда. Шу билан бирга, халқаро майдонда янги таҳликалар пайдо бўлмоқда ва дунё давлатларини юзага келаётган муаммоларга муносиб ечим топиш, сиёсий ва иқтисодий стратегияларни янгилаш кераклиги ҳақида ўйлантиряпти, – дейди социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Сабоҳат Калонова. – Бу фақатгина илмий асосланган тахминлар, билимлар, инновацион ёндашувлар, янгича фикрлаш орқали амалга оширилади. Халқаро майдондаги вазият ва юзага келаётган ҳар қандай таҳликадан қатъи назар, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитети, хавфсизлиги ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда барча фуқароларимиз фаровонлиги ишончли тарзда таъминланиши зарур. Мамлакатимиз ҳаётидаги очиқлик, инновация ва янгиланишлар, шунингдек, иқтисодий либераллаштириш, бозорни ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, рақамлаштириш, янги технологияларни жорий қилиш, таълим ва маърифат, фуқаролар фаоллиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор ўз муҳимлик даражасини сақлаб қолади. Ушбу халқаро конференция шўъбаларида билдирилган илмий фикрларда ҳам шу жиҳатларга эътибор қаратилди.


Мазкур конференция орқали халқаро эксперт ва олимлар, соҳа мутахассислари илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлиги оширилиши, мамлакатларнинг илм-фан, маданият ҳамда халқ дипломатияси соҳасидаги тажрибалари ўрганилди. Илғор технологиялардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича хулоса ва таклифлар берилди.
Конференция сўнгида хорижий мутахассислар талабалар учун махсус семинар-тренинглар ўтказди. Фаол иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.
Б.Мелиқулова, ЎзА