Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда кутубхона фаолиятини ташкил этишни қайта кўриб чиқиш зарур, чунки кутубхоналар келажаги нафақат китоб фондларини тўлдиришдан, балки китобхонга сифатли интеллектуал ахборотни етказишдан ҳам иборатдир. Мактаб кутубхонаси фойдаланувчилар учун жозибадор бўлиши зарур, шу боис кутубхоналарда давр талабига мос равишда кўп нарсаларни ўзгартириш керак.
Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Омонович ЎРОЛОВ билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган китобсевар миллат ғоясини ҳаётга татбиқ этиш нафақат кутубхона фаолияти мутахассислари, шоир ва ёзувчилар, ижодкор зиёлилар, балки шунингдек, бутун жамиятимиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Республика болалар кутубхонаси томонидан ўқувчиларда мутолаа маданиятини шакллантириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамоамизёш авлодни www.kitob.uz. Интернет сайти орқали китобхонликка қизиқтириб келмоқда. Унда 5 мингдан зиёд китобларнинг электрон шакли жойлаштирилган. Бир кунда 10-12 минг ёш китобхонлар бу сайтдан фойдаланмоқда.
Республика болалар кутубхонасида ўқувчилар орасида китоб нашр этиш ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳамда 198 номдаги қардош тиллардаги аудиокитоблар тайёрланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда республикамизнинг барча вилоятларида “Китобхонлик фестивали” ўтказилди. Фестиваль доирасида ҳар бир вилоятда китобхонлар танловлари ташкил этилди. Китобхонликни тарғиб этишга бағишланган акцияларда 2 миллион нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.
Пойтахтимиздаги 41 та мактабда рақамли кутубхоналарни ташкил қилиш лойиҳалари тўлиқ амалга оширилди. Болалар кутубхоналарига 49 843 та нашр ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “Рақамли кутубхона” тизими жорий қилинди.
- Дониёр Омонович, Республика болалар кутубхонаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Яқинда кутубхонамиз Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “XXI асрда болалар китобхонлиги: муаммолар ва вазифалар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказди. Мактабдан ташқари таълим самарадорлигини янада ошириш, ўқувчиларда юксак маънавий фазилатларни тарбиялаш, ёшларни китобхонликка жалб қилиш ва бошқарув қобилиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг май ойида Сирдарё вилоятида “Мактабдан ташқари таълим: муаммо ва ечимлар” мавзуида биринчи республика форуми бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, кўплаб фестиваллар, китобсеварлар ҳафталиклари, адабий-маърифий тадбирлар, турли викториналар, ижодий танловлар ҳам ўтказилмоқда. Таниқли шоир ва ёзувчилар, адиблар билан ўтказилаётган учрашувлар ҳам ёшлар ўртасида мутолаага бўлган қизиқишни оширишга туртки бўлмоқда.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги кутубхона муассасаларининг умумий сони 10 119 тани ташкил этади. Давлат таълим тизими кутубхоналарида 12 минг 705 нафар ходим фаолият юритади. Республика миқёсида кутубхона китобхонларининг сони жами 5,5 миллионга яқин ўқувчини ташкил этади.
- Ёш китобхонларни болалар кутубхоналари билан қамраб олиниши даражаси қандай?
-Таҳлилларга кўра, ёшларни кутубхоналар билан қамраб олиш 87 фоизни ташкил этмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги кутубхона муассасаларининг китоб фонди - 16,2 миллион китобни ташкил этади.
Ҳозирги кунда айнан инсон салоҳияти ақлли иқтисодиётни шакллантирмоқда, шу боис, биз мактаб кутубхонасига ўқиш орқали таълим жараёнини услубий жиҳатдан таъминлаш, ёшларнинг ахборий маданиятини юксалтириш, ўқувчи шахсини шакллантириш ва тарбиялашга ҳисса қўшишга қаратилган ижтимоий институт, деб қарашимиз мумкин.
- Бугунги янгича медиа муҳит шароитида ёш авлодни мутолаага жалб қилишда асосий муаммо нимада деб ўйлайсиз?
- Жорий йил ҳолатига кўра, ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг умумий сони 6,3 миллион нафарни ташкил этади. Уларнинг деярли 50 фоизи, яъни 3 миллион нафарга яқини интернетдан фойдаланиш имконига эга. Янги ахборот коммуникация технологияларининг ривожланиши билан тобора кўплаб болалар ва ўсмирлар кибермаконга кириб бормоқда. Яқин келажакда болалар ва ёшлар орасида мутолаани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун унинг имкониятларидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга.
Жорий йилда Республика болалар кутубхонаси ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий-ахлоқий қарашларини ривожлантириш ва бўш вақтини тўғри ташкиллаштириш мақсадида ўндан ортиқ китобхонлик танловини ўтказди. Уларда 52 минг нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Юқорида келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш учун биз ҳаммамиз масъулмиз ва шу боис, тарғибот-ташқивот ишларини кучайтириш зарур.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.