Илм-маърифат билан жамиятни уйғотиш энг самарали йўл деб билган, жаҳолатга қарши қалам ва тафаккур билан курашган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти бугун ҳам ёш авлод учун ибрат мактабидир.
Унинг жадидчилик ғоялари, таълим ва тарбияга оид илғор қарашлари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Гулистон давлат педагогика институтида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Тилларни ўқитиш факультетининг Ўзбек тили ва тилларни ўқитиш кафедраси ташаббуси билан уюштирилган давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этишди. Унда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, маърифатпарварлик қарашлари ҳамда миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасидаги хизматлари тўғрисида фикр юритилди.

– Беҳбудий ўз даврида халқни жаҳолатдан қутқариш, илм-маърифат орқали тараққиётга эришиш ғоясини илгари сурган буюк зиёли сифатида тарихда ўчмас из қолдирган, – дейди тадбирда сўзга чиққан кафедра доценти, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори ( (PhD) Шаҳрибону Мусурмонқулова. — У янги усул мактабларини ташкил этиш, дарсликлар яратиш, матбуот орқали жамиятни уйғотиш йўлида фидокорона меҳнат қилди. “Самарқанд”, “Ойна” каби нашрлар орқали жадидчилик ғояларини кенг тарғиб қилди.
Давра суҳбатида адибнинг драматургия соҳасидаги меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Падаркуш” драмаси саҳналаштирилиб, асар мазмуни юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Унда илм-маърифатдан узоқ қолган авлод тақдирининг аянчли оқибатлари ёрқин бадиий образлар орқали таъсирчан ифодалангани қайд этилди. Талабалар асар асосида билим ва тарбиянинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида ўз қарашларини баён этишди.
Тадбир иштирокчилари Беҳбудий мероси бугун ҳам ўз долзарблигини сақлаб келаётганини, айниқса ёш авлодни маърифат, фидойилик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири