English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш авлод табиий ресурсларни асраб-авайлашни билиши лозим
13:54 / 2025-04-15

15 апрель — Экологик билимлар куни

Экологик тарбия ва таълим муаммоси доимо жамият тараққиёти давомида мавжуд бўлган ва бундан кейин хам мавжуд бўлиб колади. Чунки экологик тарбия тизими ёш авлодни кундалик ҳаётда керакли бўлган табиий ресурслар - сув, ҳаво, ер, энергия, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини авайлаб-асраш орқали инсонларда тўғри муносабатни шакллантиришга қаратилган.

Мамлакатимизда ёш авлодга экологик таълим ва тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 10 мингдан ортиқ мактабда 32 мингга яқин экология-биология тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларда 470 минг нафардан ортиқ мактаб ўқувчиси қатнашмоқда. Шунингдек, 5 минг 200 та мактабда “экологик бурчаклар” ташкил этилиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 132 соатлик экологик саводхонлик дарслари йўлга қўйилган.

Бу борада "Green University" — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди. У илмий институтлар, техникумлар, мактаблар ва малака ошириш марказларини бирлаштириб, ҳудудда малакали кадрлар тайёрлаш ва экологик муаммоларнинг илмий ечимини топиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Экологик таълимни ривожлантириш нафақат келажакка қўйилган сармоя, балки инсон ва табиат уйғунлигининг энг муҳим шартидир. Бугун сайёрамизга ғамхўрлик қилиш орқали биз яшил ва барқарор келажакка замин яратамиз.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА