Бухоро вилояти юртимизнинг энг қадимий ва обидаларга бой ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерга йилнинг ҳар фаслида сайёҳлар оқими узилмайди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасига қаратилган эътибор ва амалий ишлар натижасида Бухоро вилоятининг тарихий, маданий ҳамда табиий салоҳиятини янада кенгроқ намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бухоро вилоятида иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу қарор доирасида Бухоро туманидаги “Ойбек” маҳалласининг “Ёржон” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақомини бериш режалаштирилмоқда.

Туман ҳокимлиги масъуллари бошчилигида тегишли ташкилотлари вакиллари иштирокида “Ёржон” қишлоғининг туризм салоҳиятини ўрганиш мақсадида ҳудуддаги табиий гўзалликлар, тарихий жойлар, миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳаёт тарзи ва мавжуд инфратузилма имкониятлари ўрганилди.

Мутасаддилар томонидан қишлоқда туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш ва йўл-транспорт тизимини яхшилаш, маҳаллий аҳолининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги малакасини ошириш, миллий ҳунармандчилик ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, экологик, этно ва агро-туризм йўналишларини йўлга қўйиш, шунингдек, оилавий меҳмон уйлари ҳамда сервис хизматларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан “Ёржон” қишлоғининг тарихий, табиий ва маданий жиҳатдан ўзига хос туристик марказга айланиши учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, ҳудудда сайёҳлик хизматларини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизматлар сифатини ошириш ва бренд қишлоқ концепсиясини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Мазкур ташаббус амалга ошгач, “Ёржон” қишлоғи вилоятнинг янги сайёҳлик масканларидан бирига айланиб, нафақат маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлайди, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган манзил сифатида танилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбирлари.