Бугунги кунда юртимизда китобхонликни тарғиб қилиш ва аҳолининг саводхонлик даражасини ошириш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Бу борада имконияти чекланганлар учун ҳам зарур қулайликлар яратилган. Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги қошида ташкил этилган “Мутолаа” лойиҳаси шулар жумласидандир. Унинг ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган бўлсада, юксак натижаларга эришди.
Шу вақт мобайнида иловада 6 минг соатли аудиоконтент ҳамда минглаб электрон китоблар жамланди. Табиийки, аудиоконтентлар кўриш имконияти чекланган китобхонлар учун айни муддао.
Қувонарлиси шуки, унинг тараққиётига кўриш имконияти чекланганлар ҳам ҳисса қўшмоқда. Лойиҳа муаллифлари буларни яхши англаган ҳолда кўзи ожизлар ҳаётига оид ҳужжатли фильм тайёрлади. Фильмда қаҳрамонлар кечинмалари, фаолияти ҳамда улар дуч келиши мумкин бўлган тўсиқлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильм қаҳрамонлари орасида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти шарҳловчиси Шербек Исломов ҳам бор.
Шербек болаликдан санъат ва адабиётга ошно, соз ва сўз сеҳрига маҳлиё. Ёш бўлишига қарамай, кўплаб ютуқларга эришиб келмоқда. У республика фан олимпиадаси ғолиби, республика китобхонлик танловлари ҳамда бир қанча ижодий танловлар совриндори бўлган. Хусусан, 2023 йилда Зомин семинарида ўз шеърлари билан иштирок этиб, иқтидорли ёш ижодкорлар сафида эътироф этилган. Унинг меҳнатлари давлатимиз раҳбари томонидан ҳам эътиборсиз қолдирилмай “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган.
Бугунги кунда у журналистикада ҳам муваффақиятли ижод қилмоқда. Турли жанрларда тайёрлаётган мақолалари ўқувчилар эътиборини тортмоқда.
Шербек каби ёшларнинг шижоати жамиятдаги ҳар кимга ўрнак бўла олади, десак, янглишмаган бўламиз.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/mBdWMnvr4R4" title="Yorug`likni so`zdan izlagan yigit" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
З.Нуриддинов, Н.Абдувоитов (видео-монтаж) ЎзА