Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон шахмат федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Халқаро шахмат академияси ҳамкорлигида 20 ёшгача бўлган жисмоний имконияти чекланган ўғил болалар ва қизлар ўртасида шахмат бўйича ўтказилган Ўзбекистон биринчилиги мусобақаси ҳам айни ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлди.

Эътибор ва яратилган имкониятлар орқали ўз иқтидорини намойиш этиш орзусидаги иродалилар ўртасида ўтказилган мусобақа шахмат ихлосмандларига бир олам завқ бағишлади.
Эртанги кунга ишончи юксалган, имконсизликдан имкон топиш умиди қалбларига ёруғ орзуларни жо этганларнинг барчасига мусобақа давомида эҳтиром кўрсатилди. Кўнгиллар шод бўлди.

Баҳслар якунида ғолиб ва совриндорликка эришиб, Халқаро ногиронлар шахмат ассоциацияси томондан ташкил этилиши кутилаётган 24-Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққанлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА