Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чуст туманининг Ёрқишлоқ маҳалласида бўлиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Маҳалла ҳудудидаги деярли ҳар бир хонадон томорқасида иссиқхона хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик ҳамда асаларичилик йўлга қўйилган.
Хусусан, Шерқўзи Нурматов томорқаси иссиқхона ташкил этиб, бир вақтнинг ўзида помидор, бодринг, булғор қалампири ва картошка етиштирмоқда. Дилшодбек Умаров эса асаларичиликка эътибор қаратиб, мавсумда ўртача 50-60 миллион сўмдан зиёд даромад олмоқда. Шунингдек, Фозилжон Мамажонов хонадонида ҳам иссиқхона ва чорвачилик йўлга қўйилган.
[gallery-27650]
Хонадон соҳиблари вилоят раҳбари билан суҳбат чоғида юртимиздаги осудалик туфайли ҳалол меҳнат қилиб, фарзандлар тарбиялаётгани, оилавий фаровонликка эришаётгани, амалга оширилаётган ислоҳотлардан беҳад миннатдор эканлигини билдиришди.
Ишчи гуруҳи Ёрқишлоқнинг Ислоҳот кўчасида тўпланган ўзига хос тажрибани кенг оммалаштириш, аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, даромад манбаларини кўпайтириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА