Муносабат
Жорий йилнинг 14 февраль куни Президентимизнинг ёшлар билан ўтказган мулоқотида Қорақалпоғистондаги фаол ёшлар билан видеоконференция алоқаси орқали иштирок этиб, Президентимизнинг нутқларини катта ҳаяжон ва илҳом билан тингладим. Мулоқот давомида давлатимиз раҳбарининг илгари сурган ташаббуси ва ёшлар учун яратилган имкониятлар, албатта, ҳар биримиз учун катта имкониятлар ва умидларни тақдим этди.
Мен, Беруний номидаги давлат стипендиясининг соҳибаси ва фаол ёшлар қаторида бугунги кун ва келажак учун янги имкониятларга эга бўлишим муҳимлигини яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Президентимизнинг ҳар бир сўзларидан катта илҳом олдим ва биз каби ёшларни катта масъулият ва шижоатли мақсадлар билан олға қадам ташлашга ундайди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар биз ёшларга янада кенг имкониятлар яратади. Масалан, ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилган 100 миллион доллар маблағ уларга ўз бизнесини бошлашга ёрдам беради. Шунингдек, ёшлар учун яратилаётган имтиёзли кредитлар, стартап лойиҳаларига қўйиладиган инвестициялар бизга ишонч ва янги ғояларни тақдим этади. Бу каби эзгу ташаббуслар ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш билан бирга, янги йўналишларда ўзларини синаш ва ривожланиш учун зарур ресурслар тақдим этади.
Мулоқотда ҳар бир ёш учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, аввало, кам таъминланган оилаларда ўқиш имкониятларини яратиш учун кўплаб янги ташаббуслар эълон қилинди. Шундан бири – камбағал оилада ҳеч бўлмаганда бир нафар фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича қадамлар қўйилиши. Шунингдек, камбағал оиланинг фарзандларига таълим кредити фоизсиз берилиши, қўшимча грант ажратилиши, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилиши ёшларни қувонтирган бўлса, ажаб эмас.
Энг муҳими, мен учун “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси бўлди. Президентимиз томонидан тақдим этилган ушбу янги тизим кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин, молиявий қийинчиликлар туфайли ўқишга имконияти бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш имкониятини яратади. Ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва билим олишни хоҳлаган ёшлар саралаб олиниб, улар учун хорижий олийгоҳлар танланади ва тайёргарлик курсларида ўқитилади.
Президентимизнинг: “Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман. Битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз”, – деган сўзлари ҳар биримизга катта масъулият ва улкан имкониятларни ҳис қилишга ундайди. Чунки билимли ва маърифатли оила бу – билимли ва маърифатли жамиятнинг пойдевори.
Мен Президентимизга биз ёшларга бўлган юксак ишончи ва қўллаб-қувватлаши учун ўзимнинг қолаверса, бутун қорақалпоғистонлик ёшлар номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Келгусида мен ва мен каби ёшлар янги мақсадларга эришиш учун янада фаол бўлишга, ушбу ташаббуслардан самарали фойдаланиб, ҳар бир имкониятни юқори даражада қадрлашга интилишимиз даркор. Биз ўз олдимизга катта мақсадлар қўйиб, биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонни, унинг таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишда фаол иштирок этишимиз лозим.
Рая Елиўбаева,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали 4-босқич талабаси, Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси.
ЎзА