Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари иштирокида “Юқумли бўлмаган касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш лойиҳаси” фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Ёрқин келажак сари” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Бирламчи санитария ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Барно Одилова, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакили Сато Рие, шаҳар ва туман Тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, бош ҳамширалар, саломатлик бўлимлари мудирлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа 2021–2026 йилларга мўлжалланган. Шу бўйича тадбирда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалалари сарҳисоби муҳокама қилинди.

Хусусан, лойиҳа доирасида Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманлари пилот ҳудуд сифатида танланиб, бугунги кунда мазкур ташаббус республика миқёсида барча вилоятларни қамраб олмоқда. Айниқса, бирламчи санитария-тиббий ёрдам муассасалари орқали мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва маҳаллаларда самарали овқатланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур ташаббус асосида 8 нафар шифокор ва 10 нафар ҳамшира Японияда ўқув сафарларида иштирок этди. Умуман, кун чиқар давлатга учта ўқув сафари ташкил қилиниб, иштирокчилар префектура ва шаҳар раҳбариятлари, тиббий муассасалар ҳамда хусусий корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.
Япония тажрибасида давлат органлари, тиббиёт муассасалари ва хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали соғломлаштириш чора-тадбирлари самарали амалга оширилаётгани ўрганилди. Олинган назарий ва амалий билимлар бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда кенг қўлланилмоқда.

– Лойиҳа доирасидаги муҳим йўналишлардан бири – “EIYO: ЭЙЁ” фаолияти бўлиб, у аҳоли ўртасида самарали овқатланиш таълимини тарғиб қилишга қаратилган. Унга кўра, малакали мутахассислар томонидан туман тиббиёт бирлашмаларида фаолият юритаётган ҳамшираларга маҳалла аҳолиси учун овқатланиш таълимини ўтказиш бўйича махсус ўқувлар ташкил этилди. Тақдим этилган қўлланмалар ва кўргазмали воситалар ҳамшираларнинг кундалик фаолиятида самарали фойдаланилмоқда. Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ва Тошкент туманидаги бир қатор маҳаллаларда минглаб хонадонлар қамраб олинди. Унда аҳолига озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон организмидаги аҳамияти, мувозанатли овқатланиш тамойиллари тушунтирилди. Шунингдек, патронаж ҳамширалар учун интерактив семинарлар ташкил этилди. Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда соғлом овқатланиш бўйича махсус ўқув материаллари жорий этилди, – дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева.
Тадбирда ҳудуд масъуллари бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳақида айтиб ўтди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа барча туман-шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва маҳаллаларда изчил равишда тарғиб қилиниб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.