English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёрдамга эҳтиёжманд онлайн ариза орқали аниқланади
15:07 / 2023-11-21

Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиб, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам кўрсатиш очиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 23 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳам бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 ноябрдаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.  

Мазкур тартиб 2024 йил 1 апрелдан бошлаб йўлга қўйилади. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ҳамда уларга маълумотнома тақдим этиш бўйича электрон шаклда давлат хизматини кўрсатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Унинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий қилинади.  

Жойлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари фуқароларнинг бевосита розилиги билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза бериш ҳуқуқига эга бўлмоқда.  

Қарор билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тартиблари, уларни аниқлаш мезонлари аниқ-равшан белгилаб қўйилгани аҳамиятли бўлди. Жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш рад этилган, шунингдек, аҳоли бандлиги масалалари бўйича маслаҳат олиш учун меҳнат органларига мурожаат қилганлиги сабабли расмий бандлик талаб этилмасдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган ҳамда кетма кет икки ва ундан ортиқ маротаба ижтимоий нафақалар олаётган оилалар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриб борилади.  

Электрон шаклда ариза бериш орқали рўйхати тасдиқланганларга болалар нафақаси 12 ойга, моддий ёрдам олти ойга берилади.  

Сурхондарё вилоятида йилнинг ўтган даврида ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш учун 374 минг 247 ариза қабул қилиниб, уларнинг 155 минг 963 таси белгиланган мезонларга тўғри келмагани учун рад этилган. 218 минг 284 таси тасдиқланган. Шундан 208 минг 26 нафари болалар нафақаси, 10 минг 258 нафари моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхати шакллантирилганларга 1 триллион 120 миллиард 215 миллион сўм болалар нафақаси ва моддий ёрдам пули тўланган.  

Таҳлилларга кўра, ҳозиргача болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олган оилаларнинг аксарияти нафақа тайинлангандан сўнг бандлик органига иш излаб қайтиб мурожаат қилмаган ҳамда бандлиги таъминланмаган.   Бунда норасмий даромад олаётган ўзига тўқ оила аъзолари бандлик органига мурожаат қилиши орқали уларга нафақа тайинлаш ҳолатлари кузатилган. Янги тартибда ҳақиқатда иш изловчи сифатида бандлик органидан рўйхатдан ўтган фуқаролардан бандлик талаб этмаслик имтиёзи қолдирилмоқда. Бунда фуқаро 3 ой давомида ишга кирмаса, касбга ўқимаса, тадбиркорлик ва ўзини -ўзи банд этиш тоифасига кирмаса ва иш бўйича таклифларни рад қилса, тўлови тўхтатилади.

Айни пайтда катта томорқаси мавжуд, норасмий бошқа юқори даромадга эга  бўлган фуқаролар автоматик равишда банд деб ҳисобланиб, нафақа тайинланмоқда. Янги йилнинг 1 апрелидан бошлаб, томорқада ер ва ёки деҳқон хўжалиги майдонидан қатъий назар, фақат 1 нафар оила аъзоси банд деб автоматик белгиланади. Бунда оиланинг иккинчи аъзоси ҳам томорқада банд бўлса, фаолиятини расмийлаштириб, яъни ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органида рўйхатдан ўтгандан кейин, 2024 йил 16 августдан бошлаб ариза берган томорқаси мавжуд фуқароларнинг барчаси солиқ органида рўйхатдан ўтгандан сўнг банд шахс сифатида қабул қилинади.

Янги белгиланган мезонларда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда шунга ўхшаш қатор ўзгартишлар киритилмоқдаки, буларнинг барчаси болалар нафақаси ва моддий ёрдам олишда шаффофликни таъминлайди. Фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига тўлиқ чек қўйилади.  

Суюн Ражабов,  

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

ЎзА