Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёрдамчи хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича семинар ўтказилди
11:10 / 2026-03-03

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Учтом” ирригация тизими бошқармасида ёрдамчи хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва иқтисодий самарадорликни оширишга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, мавжуд имкониятларни сафарбар этиш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар муҳокамасига айланди.

Семинарда Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, тизим ташкилотлари раҳбарлари, ёш мутахассислар ва соҳа ходимлари иштирок этишди. Мулоқотлар жараёнида амалий натижа ва иқтисодий самарадорлик устувор мезон сифатида эътироф этилди.

“Учтом” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Абдубакир Мирзақулов ёрдамчи хўжалик доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил тақдимот қилди. Унда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси, етиштирилган гўшт маҳсулотларини ишчи-ходимлар ўртасида адолатли тақсимлаш механизми, вешенка қўзиқоринини парваришлаш, гидропоника усулини жорий этиш, гулчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш борасидаги ишлар атрофлича ёритилди.

Шунингдек, ёрдамчи хўжалик таркибида қорамолчилик, қўй ва эчкичилик, паррандачилик, қуёнчилик ҳамда балиқчилик йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди. Мазкур ташаббуслар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички эҳтиёжни қоплаш ва қўшимча даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Муҳокамалар марказида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Ёшларни ёрдамчи хўжаликлар фаолиятига кенг жалб этиш, улар учун амалий кўникма мактабини шакллантириш, барқарор бандлик ва муносиб даромад имкониятларини яратиш юзасидан таклифлар билдирилди. Бу эса соҳада кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва ташаббускорлик муҳитини кенгайтиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Сув хўжалиги объектлари ҳудудларида кўчат экиш, яшил майдонларни кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.

Семинар якунида ёрдамчи хўжалик фаолиятини янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни тизим ташкилотларида кенг жорий этиш ҳамда иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Амалий мулоқотлар Дўстликда шаклланаётган янги иқтисодий ёндашув ёшлар бандлиги ва тармоқ тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратаётганини яна бир бор тасдиқлади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари