Ёқилғи-энергетика соҳаси ҳар бир мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унинг барқарор ва самарали фаолияти аҳоли ва саноат корхоналари учун узлуксиз энергетик таъминотни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қиш ва иссиқ мавсумларда энергия ресурсларига талаб ошиши, шунингдек, авариявий ва ноқулай ҳолатлар юзага келиши эҳтимоли юқори бўлади. Шу боис, ёқилғи-энергетика тизими объектларини назорат қилиш, улардаги эксплуатация ишларини самарали ташкил этиш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва сифатли энергетик ресурслардан фойдаланиш доимий равишда назорат қилинмоғи зарур.
Мазкур чора-тадбирлар нафақат соҳанинг барқарорлигини таъминлайди, балки аҳоли фаровонлиги ва саноатнинг узлуксиз фаолияти учун ҳам муҳимдир.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Дадажон Исақулов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди. Унда масъуллар қиш мавсумида ёқилғи-энергетика тизими объектларини барқарор ишлашини таъминлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳокамасига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, йиғилишда энергетика объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, эксплуатация ишларини тўғри ташкил қилиш ва ушбу объектларда доимий равишда ўрганишларни амалга ошириш масалалари муҳим. Шундан келиб чиқиб, инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан истеъмолчиларга сифатли нефть маҳсулотлари етказиб бериш доирасида доимий равишда назорат тадбирлари олиб борилиши юзасидан кўрсатмалар берилди. Йиғилишда айрим ҳудудлардаги масъуллардан тақдим этилган ҳисоботлар, амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликлар юзасидан тушунтиришлар сўралди.

Йиғилишда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишларни самарали ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари эшитилди ва зарур тавсиялар берилди. Бу чора-тадбирлар ёқилғи-энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва корхоналар учун узлуксиз таъминотни сақлаш ҳамда соҳанинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА